Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа сўзга чиқиб конференция якунига бағишланган маълумотларни тақдим этди.
“Ислом дунёси туризм шаҳри” бўлмиш, Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Туризм вазирлари Ислом конференциясининг ХII сессияси “Туристик индустрияни барқарор тарзда ривожлантириш” мавзусида ташкил этилди.
Анжуман асносида Ислом конференциясида раислик Озарбайжон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига ўтди. Ўзбекистон раислиги даврида ташкилот ҳудудида туризм ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун барча чоралар кўрилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, сессий ишида вазирлар ва делегация раҳбарларининг баёнотлари эшитилди, ИҲТ ҳудудида туризм ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, анжуманда ИҲТ туризм шаҳарларини танлаш мезонларини такомиллаштириш, мумкин қадар кичик ва истиқболли шаҳарларни танлаш орқали уларнинг туризм салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман якунида Ислом конференциясининг ХII сессияси иштирокчилари қарорига кўра, 2025 йил учун Сенегал Республикасининг Дакар шаҳри, 2026 йил учун Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳри ва 2027 йил учун Покистон Ислом Республикаси Лаҳор шаҳри “Ислом дунёси туризм шаҳри” сифатида танлангани эълон қилинди.
Туризм соҳасини диверсификация қилиш мақсадида зиёрат туризми, экотуризм ва тиббий туризмни ривожлантиришга келишилди.
Марҳабо Мадаминова, ЎзА