Халқаро эътироф
Таҳлилларга кўра, 2023 йилда Бухорода жами 1 миллион 387 минг нафар хорижий сайёҳ оқими кузатилган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида вилоятга хориждан 455 минг 220 нафар сайёҳ ташриф буюрган. Вилоят иқтисодига хорижий сайёҳлар ташрифидан 2023 йилда 339,1 миллион АҚШ доллари тушуми қайд этилган. Бу кўрсаткич шу йилнинг тўрт ойида 113,8 миллион АҚШ доллари қийматидан ошди.
Бухоро вилояти сайёҳлик тизими ривожида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутмоқда. Зиёрат туризми йўналишида қадим ва ҳамиша навқирон Бухорои шарифга ташриф буюраётган сайёҳлар сони кейинги етти йилда қарийб 12 бараварга кўпайгани қувонарли, албатта. Кўҳна заминнинг зиёрат туризмига доир салоҳияти Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлар вакиллари томонидан эътироф этилмоқда.
Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, йирик компания ва ташкилотлар билан музокаралар олиб бориш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров бошчилигадаги делегация “Halal In Travel – Global Summit-2024” халқаро анжуманида қатнашиш мақсадида Сингапур давлатида бўлди.
Сингапурнинг “Crescent Rating” халқаро ташкилоти томонидан 30 май куни ўтказилган мазкур умумжаҳон саммитида 30 га яқин давлатнинг 80 нафардан кўпроқ вакили қатнашди. Халқаро анжуманнинг “Мусулмон зиёратчиларни Ислом меросига қайтариш” мавзусига бағишланган музокарлар ва тақдирлаш маросимида қатнашувчиларга Ўзбекистонда туризм, хусусан, зиёрат туризми йўналишидаги муҳим ижобий ўзгаришлар тақдимот қилинди.
Шу ўринда, нуфузли “Crescent Rating” ташкилоти фаолияти хусусида тўхталиб ўтсак, унга 2008 йилда Сингапурда ишбилармон Фазал Баҳарддин томонидан асос солинган бўлиб, ҳалол саёҳатлар тадқиқотларига бағишланган ташкилот ҳисобланади. Унда олиб бориладиган тадқиқот ва таҳлиллар натижасида ҳар йили халқаро рейтинглар эълон қилинади.
Компания туризм соҳасида мусулмон саёҳатчилар учун яшаш шароитларини яхшилаш зарурлигини эътироф этади. 2015 йилда компания “Hаlаl Trip ва Muslim Trаvel Wаrehouse” каби онлайн платформаларни жорий этиш орқали хизматларини кенгайтирган.
2011-2014 йилларда “Crescent Rаting” ҳар йили мусулмон саёҳатчилар учун турар жой даражасига кўра мамлакатлар рейтингини эълон қилиб борди. Ушбу лойиҳа 2015 йилда “Mаstercаrd” билан ҳамкорлик қилиб, “Глобал мусулмон саёҳатлари индекси”га айланди.
2013 йил август ойида “Crescent Rаting” мусулмонларни намоз вақтлари ва шу билан боғлиқ бошқа маълумотлардан хабардор қилишга мўлжалланган “Crescent Trips” мобиль иловасини ишга туширди.
2013 йил декабрь ойида “Crescent Rаting” мусулмон саёҳатчилар учун “Hаlаl Trip.com” веб-сайтини тақдим этди. Унда “ҳалол” ёрлиғига муносиб ресторанлар халқаро маълумотномаси мавжуд. Кейинчалик 2015 йилда “Crescent Rаting” компанияси “Hаlаl Trip.соm” веб сайти учун мобиль иловани ҳам ишлаб чиқди. Умуман, мазкур компания мусулмон саёҳат бозори салоҳияти 2028 йилга бориб 225 миллиард АҚШ долларига етишини башорат қилмоқда.
Сигапурда юқори даражада ташкиллаштирилган “Halal In Travel–Global Summit-2024” умумжаҳон анжуманига қайтсак, унда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров асосий маърузачи сифатида иштирок этди.
Нотиқ ўз чиқишида мамлакатимиздаги исломий мерос иншоотларига оид батафсил маълумотлар билан ўртоқлашиб, жумладан, Имом ал-Бухорий мероси, Етти Пир туркумига мансуб муқаддас қадамжолар, Баҳоуддин Нақшбанд силсиласи ва бошқалар ҳамда бу зиёратгоҳларнинг мусулмон сайёҳатчилари учун аҳамиятли бўлган омиллари ва яратилган қулайликлар ҳақида батафсил тўхталди.
Ислом дини, Қуръони Карим ва Ҳадис илмининг асл мазмун-моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, шу заминдан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий сингари буюк ҳадисшунос алломалар меросини ҳар томонлама ўрганиш, уларни кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан юртимизда зиёрат туризми салоҳиятини янада ривожлантириш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, хорижлик сайёҳларни ҳудуднинг ноёб тарихий-маданий ва меъморий мероси билан яқиндан таништириш борасидаги амалий ишлар хусусида сўз борди.
Қолаверса, мамлакатимизда туризм салоҳиятини зиёрат йўналишида янада кенгайтириш имкониятлари ҳақида “Crescent Rating & Halal Trip” ташкилоти асосчиси Фазал Баҳарддин томонидан ташкиллаштирилган “Мусулмон зиёратчиларни Ислом меросига қайтариш” мавзусига бағишланган давра суҳбатида Бухоро вилоятининг туризм, жумладан, зиёрат туризми йўналишидаги ютуқлари кўпларнинг қизиқишига сазовор бўлди.
Ўз навбатида, Фазал Баҳарддин Ўзбекистонда зиёрат туризми бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматлари диверсификация қилинаётганини эътироф этди. Мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатда саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижни мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган ижобий ишларни алоҳида таъкидлади ҳамда расмий тақдирлаш жараёнига старт берди.
Мазкур маросимда “Бухоро шаҳри – йилнинг Ислом мероси манзили” номли мукофот ва сертификат билан тақдирланди. Шу муносабат билан умумжаҳон анжуманида Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар самарадорлиги юқори баҳолаган ҳолда бу йилги “Halal In Travel–Global Summit-2024” мукофоти Бухоро вилоятига топширилди.
Жаноб Фазал Баҳарддин ўз чиқишида янгиланган рейтингни шакиллантириш ва Ўзбекистон томони ушбу нуфузли мукофотга совриндор бўлишида қатор омиллар муҳим аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.
Бунда, аввало, давлат очиқлиги, виза талаблари, транспорт ва инфраструктура қулайлиги, шунингдек, коммуникациялар мавжудлиги, мақсадли маркетинг, мулоқот қобилияти, манфаатдор томонларнинг хабардорлиги, қолаверса, муҳит жозибадорлиги, бунда хавфсизлик ва ташриф буюрувчиларга турар жой ва бошқа қулайликлар яратилгани, асосий сайёҳлик хизматлари, ноёб халқаро тажриба ва янгиликлар жорий қилинаётгани каби жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Халқаро ташкилот асосчиси Фазал Баҳарддин юқоридаги омилларни ва юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни инобатга олиб, халқаро рейтингда Ўзбекистон Республикаси 2021 йилга нисбатан 7 ўринга кўтарилгани ва 2022 йил учун янгиланган рейтингда умумий 9-ўринни эгаллаб, Сингапур ҳамда Баҳрейн давлатлари қаторида топ, яъни халқаро рейтинги юқори ҳисобланган пешқадам 10 та давлат рўйхатидан ўрин олганлигини мамнуният билан қайд этди.
Бундан ташқари, Сингапурдаги хизмат сафари ва халқаро нуфузли анжуман жараёнида Ботиржон Шахриёров бошчилигидаги Бухоро вилояти делегацияси Ўзбекистон Республикасининг Сингапурдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Қаюмов билан ҳамкорликда бир қатор хорижий ташкилот ва компаниялар раҳбарлари билан ўзаро музокаралар олиб борди. Жумладан, “Pacific Asia Travel” – Тинч Океани Осиё саёҳатлар уюшмаси элчиси, жаноб Сон Хва Вонг, Филиппин туризм департаменти котиби муовини Мйра Паз Валдеросса, Ислом туризм маркази бош директори, жаноб Низран Нурдин, Жанубий-Шарқий Осиёда мурожаатлар билан ишлаш маркази вице-президенти Аиша Ислом, “Silk Road Fund CO.LTD” – Ипак йўли жамғармаси президентининг кенгаш аъзоси Чаи Хуэжин, Сингапур мусаввирлари ва тижорат уюшмаси бош менежери Меҳрибан Эсин Арслан сингари ўнга яқин компания мутасаддилари серқуёш мамлакатимизнинг кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳри ва унинг бугунги сайёҳлик салоҳияти ҳақида қизиқиш билдиришди.
Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқотларда келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доир ҳамкорлик масалалари ҳам келишиб олинди, дейилади Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотида.
ЎзА