Бугун, 2 июнь куни мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат “Aktobe Open-2024” турнирининг сўнгги 9-тур баҳсида ғолибликка даъвогар 6 нафар шахматчи ўзаро куч синашса, ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда туркманистонлик Сапармурат Атабаев билан кучли 15 таликка кириш учун рўбарў келади.
Кеча, мусобақанинг 8-турида Ёқуббоев беларуслик Михаил Никитенкога имкониятни бой бериб қўйди ва ғолибликка даъвогарлар сафидан чиқиб кетди. Яна бир шахматчимиз Муҳаммадзоҳид Суяров ушбу турда қозоғистонлик Сауат Нургалиевни мағлубиятга учратиб, очколари сонини 4,5 тага етказиб олди.
9-тур олдидан турнир жадвалида эронлик Парҳам Мақсудлу 7 очко билан якка пешқадамга айланиб олди. 6 очко жамғаришга муваффақ бўлган Алексей Сарана, (Сербия), Шант Саргсян (Арманистон), Александр Предке (Сербия), Пураник Абҳиманю (Ҳиндистон) ва Михаил Никитенко совринли ўринларга эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишган.
Турнирда қатнашаётган 7 нафар шахматчи 5,5 очко билан кучлиларни тақиб этаётган бўлса, 5 очкога эга Нодирбек Ёқуббоев 13 нафар шахматчи қаторида 14-26-поғоналарда жойлашиб турибди.
«Aktobe Open-2024»нинг сўнгги 9-турида Парҳам Мақсудлунинг қора доналарда сербиялик Алексей Сарана билан куч синашиши ғолибни аниқлашда муҳим учрашув саналса, Атабаев-Ёқуббоев ўйини кучли ўн бешталикка лойиқни, ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган россиялик Александр Раҳмонов ва Муҳаммадзоҳид Суяров қарама-қаршилиги 30-25 таликка муносибларни аниқлаб беради.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда поёнига етиб бораётган мазкур турнирнинг 8-тур ҳолатида Ёқуббоев ҳозирча 3 та турда ғалабага, 4 тасида дурангга ва 1 тасида мағлубиятга учраган. Суяров бўлса, 3 тадан ғалаба ва дуранг, 2 та мағлубият ҳолатини қайд этган.
Т. Рўзиев, ЎзА