Мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасидаги ишларни янада такомиллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги 7 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга 20 триллион сўмга яқин маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 916 та сув иншооти ва 43 минг километрга яқин ичимлик суви тармоқлари тортилди. Натижада республика бўйлаб аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77,2 фоизга етди.
Вилоятларда истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилди. Жумладан, Бухоро вилоятида ҳам 2023 йилда инвестиция дастури доирасида 114 миллиард сўм маблағ ажратилди. 496 километр тармоқ ва 7 та иншоот қурилиб, 22 та объект фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда вилоятнинг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 73,2 фоизни ташкил этмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида 3 та маҳалладаги 4,2 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. 21 та маҳалладаги 62,6 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти тубдан яхшиланган. 2024 йилда инвестиция дастури доирасида 13,4 миллиард сўмга 6 та лойиҳа доирасида 254,9 километр ичимлик сув тармоқлари ва 9 та иншоот қурилган. Шу билан бирга, истеъмолчиларни ҳисоблагичлар билан тўлиқ қамраб олиш учун 2,5 минг дона ҳисоблагич ўрнатилган. Олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида вилоятда ҳисоблагичлар билан таъминланганлик кўрсаткичи қарийб 97 фоизга етган.
Иншоотлардаги мавжуд 19 та насослар энергия тежамкор насосларга алмаштирилиб, қуввати 3 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ режасига кўра, вилоятда 2024 йил якунида таъминланиш даражаси 73,2 фоиздан 74 фоизга етказилиб, жами 7 та маҳалладаги 16,4 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади ва 12 та маҳалладаги 33 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти тубдан яхшиланади. Бугунги кунда вилоятдаги 544 та маҳалладан 349 таси тўлиқ ва 104 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, қолган 91 та маҳаллага ичимлик суви махсус техникаларда етказиб берилмоқда.
– Вилоятдаги марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган ва қисман таъминланган маҳаллаларни тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳозирда Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан бирга қиймати 633,5 миллион АҚШ долларга тенг лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров. – Лойиҳанинг биринчи босқичида 385,1 миллион АҚШ доллар кредит маблағлари вилоятнинг Бухоро ва Когон шаҳарлари, Қоровулбозор, Ромитан, Пешку, Когон, Жондор, Бухоро, Олот, Қоракўл ва Ғиждувон туманларида жами 2 192,7 километр ичимлик ҳамда 614,9 километр оқова сув тармоғи, 45 та ичимлик суви ва 72 та оқова сув иншоотини қуриш, реконструкция қилишга йўналтирилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилгач ҳудудлардаги жами 1 миллион 254 минг аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан ҳамда 165 минг аҳоли марказлашган оқова хизматлари билан таъминланади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида ажратилаётган 248,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ҳисобидан вилоятнинг Бухоро ва Когон шаҳарлари, Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон, Пешку, Бухоро ва Жондор туманларида жами 2 420,1 километр ичимлик ва 623,7 километр оқова сув тармоғи, 35 та ичимлик ва 77 та оқова сув иншооти қурилиб, реконструкция қилинади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА