Жорий йилнинг 3 июнь куни Истанбул шаҳрида Туркия қурилиш материаллари корхоналари уюшмаси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамкорлигида қурилиш материаллари бўйича Ўзбекистон – Туркия бизнес форуми бўлиб ўтади.
Форумни ташкил этишда туркиялик инвесторлар ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик брендларни Ўзбекистонга жалб қилган ҳолда, қурилиш материалларининг янги турларини ўзлаштириш ҳамда тармоқдаги инвестицион лойиҳалар салмоғини ошириш мақсад қилинган.
Унда икки давлат ишбилармон доира вакиллари, инвесторлар, халқаро экспертлар ва мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда.
Форумда Туркия давлати қурилиш материаллари экспорт-импорт кўрсаткичлари, янги турдаги маҳсулотлар, мазкур йўналишда олиб борилаётган илм-фан ютуқларига бағишланган маърузали чиқишлар режалаштирилган.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон қурилиш материаллари саноатининг ривожланиш истиқболлари, талаб ва унинг қопланиши, хом ашё захираси, инвестицион муҳит ҳақида ҳам тақдимотлар бўлиб ўтади.
Қурилиш материаллари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кенгайтириш мақсадида бўлган юртдошларимизни бизнес форумга таклиф этамиз!