Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида таъкидланди.
Бухорога хориждан 5 миллион турист келиши учун катта замин ҳозирланмоқда. Лекин, вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликка эътибор сустлиги учун уларга сайёҳлар бормаяпти.
Шу муносабат билан Имом ал-Бухорий, Аббос Алиев ва Мухтор Ашрафий обидаларига туташ ҳудудлар, деҳқон бозори ва минг йиллик тарихга эга Бухоро дарвозаси, Исмоил Сомоний мақбараси, истироҳат боғи ва сунъий кўлни жозибадор туризм мажмуасига айлантириш муҳимлиги таъкидланди.
“Чор Минор” ва “Истеза” мадрасалари, “Самарқанд” ва “Дарвозаи Саллохона” дарвозалари, “Масжиди Калон” каби объектларни дренаж тизимини таъмирлашга 35 миллиард сўм ажратилади.
Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилмоқда. Кеча Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилди. Бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилади.
ЎзА