Юртимизда бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мактабгача таълим қамрови кескин ошди. Болалар меҳнатига батамом барҳам берилди.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти таъсис этилди. Мазкур тузилма болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида изчил ишларни амалга оширмоқда.
Бу натижалар нафақат миллий даражада, балки жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилаётир. Хусусан, Болалар фаровонлиги бўйича Глобал индексда Ўзбекистон юқори поғоналарга кўтарилмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон ушбу рейтингда 16 позиция юқорига кўтарилди. Бу ҳам, албатта, соҳада қилинаётган ишларнинг амалий натижасидир.
– БМТнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси юзасидан Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларни тизимли ва изчил равишда бажариб келмоқда, - дейди Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова. – Xусусан, мазкур Конвенция қоидалари бажарилишига оид Ўзбекистон Республикасининг бешинчи даврий ҳисоботидан сўнг “БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси”қабул қилинди.
2024 йил 29 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик ва бола ҳуқуқларининг устуворлиги каби асосий принциплари белгиланди.
Қонунда Болалар омбудсманининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгиланди. Қонунларимизга, кодексларга аёллар ва болаларимизга нисбатан турли тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини бартараф қилиш бўйича жуда муҳим ўзгаришлар киритилди.
Қонун билан болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Болалар омбудсманининг ролини кучайтирилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниши ҳуқуқидан фойдаланиш ваколати берилди.
Қонунни амалга таъминлаш, болаларни давлатимиз томонидан берилаётган барча шароитлар билан амалда таъминлаш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Болалар ҳуқуқлари поймол қилиниши, болаларимизнинг мактабга бормаслиги ёки касб ўрганмаслиги, қизларимиз салоҳиятини намоён қилиш имкониятидан чекланиб, эрта турмушга бериб юборилиши каби ҳолатларга барҳам бериш ва олдини олиш учун амалий чоралар кўрилмоқда.
Болалар омбудсманининг болалар манфаатларини таъминлаш, турли хил нохуш вазиятга тушиб қолаётган болажонларга тезкор ёрдам бериш тизими муваффақиятли ишламоқда.
Хусусан, мурожаатлар ва оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар асосида аниқланган ҳолатлар назоратга олиниб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор чоралар кўрилмоқда. Муҳими, бу ҳақда жамоатчилик хабардор қилиб борилмоқда.
Болалар омбудсманига Наманган вилоятида яшовчи аёл X.X. мурожаат қилиб, Россияда қаровсиз қолган икки нафар вояга етмаган фарзандини қайтаришда амалий ёрдам сўраган. Аёлнинг мурожаати Болалар омбудсмани сўрови асосида Ташқи ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганилди.
Шу билан бирга, Россиядаги Бош консулхона томонидан Қозон шаҳри Вахитов ва Приволжск туманлари васийлик органи билан музокаралар олиб борилди. Васийлик органи болалар онасининг Россияга киришга имконияти йўқлигини инобатга олган ҳолда уларни Ўзбекистонга юборишга рухсат берди.
Идораларнинг изчил ва ўзаро тезкор чоралари натижасида ИИВ томонидан вояга етмаган икки нафар бола Ўзбекистонга қайтариб олиб келинди ва онаси қарамоғига топширилди.
Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ташқи ишлар ҳамда ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида Россия Федерациясида ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган яна 17 нафар бола мамлакатимизга қайтарилди.
Болалар тарбияланаётган, яшаётган муассасалардаги аҳвол ҳам омбудсман назаридан четда қолмаяпти. Республика Болалар ижтимоий мослашув марказидаги шарт-шароитлар ўрганилди. Мазкур муассаса 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, деярли 10 йил давомида турли ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳдаги болаларга, жумладан, ногиронлиги бор болаларга комплекс равишда тиббий, ижтимоий ва психологик кўмак кўрсатиб келмоқда.
– Фурсатдан фойдаланиб барча болажонларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклаймиз, - дейди С.Раҳмонова. – Фарзандларимиз ҳаёти беғубор, эркин ва қувончли бўлиши учун биз катталар ҳамиша уларни қўллаб-қувватлашимиз, фикрларига қулоқ тутишимиз керак. Бола ҳуқуқларини фақат бугун эмас, балки ҳар куни биргаликда ҳимоя қилайлик!
Норгул Абдураимова, ЎзА