Очиғи, яқин йилларгача маҳаллаларда “уйда ўтирадиган ишсизлар” борлиги одатий ҳол эди. Президент пастга, маҳаллага ҳар бир хонадонга тушишни қатъий талаб қилмаганида, балки бугунгидек ўзгаришлар бўлмасмиди.
Ҳозир қайси маҳаллада, хонадонда бўлманг, якка тартибдаги тадбиркор ёки оилавий корхонага рўбарў бўласиз. Бағдод туманидаги Чуваланчи маҳалласида ҳам шундай. Масалан, Жақпарова Комилахон хонадонида “Бағдод София-777” оилавий корхонаси очилган. Улар атроф ҳудудлардаги боғлардан ёнғоқ олиб келиб уни қайта ишлашади.
–Чуваланчи маҳалла фуқаролар йиғинида 3208 нафар аҳоли бор. Биз ҳар битта хонадонда хатлов ўтказдик, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Умидахон Халилова. –Унда 72 нафар аёллар ва ёшлар дафтарида турганларни иш билан банд қилиш учун мана шу хонадондаги каби оилавий корхоналарни ташкил этдик ҳамда уларни тадбиркорларга бириктирдик.
Бу ерда меҳнат қилаётган аёллар маҳалланинг қиз-жувонлари. Бири қўшни қиз, яна бири қариндоши. Булардан ташқари тўрт кўча хонадонларига чақилган ёнғоқ тарқатилади. Ўша оилаларда мағизни пўстлоғидан ажратадилар ва яна Комилахон ая бош оилавий корхонага қайтарилади. Шундан сўнг асосан Фарғона, Қўқон, Тошкент қандолатчи ва холвачиларига сифатли ёнғоқ мағизларини етказиб беришади.
–Бу оилавий корхона 50 дан ортиқ оилаларга ўзининг хом ашёсини етказиб бериб уларни касаначи сифатида ишлатмоқда. Оилалардаги хотин-қизлар, иш билан банд бўлмаган ёшлар шу орқали даромад кўрмоқда, – дейди УмидахонХалилова.
Бу хонадонда яна йил мавсумига қараб, ёнғоқ мағизли холвалар ҳам тайёрланади. Унда ҳам ўндан зиёд “уйда ўтирган” қўни-қўшнилар бандлиги таъминланади, улар оиласига даромад киради.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/chM8LuoQBeg" title="Siz ham tashkil etishingiz mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ҳа, “қимирлаган қир ошади”, “истаган имкон топади”, деганлари шу бўлса керакда!
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА