Боланинг бегонаси бўлмайди. Бу мурғак қалбнинг шодон кулгиси учун дунёни бахшида этсанг арзийди. Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, бақувват бўлишини, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини, яхши ўқиб, комил инсон бўлишини хоҳлайди.
Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Бирор дардга йўлиққан болажонларнинг саломатлиги учун курашиш, уларнинг оёққа туриши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр турган ота-она учун бу истакнинг амалга ошиши ҳаёт-мамот масаласи.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда унинг Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этган хайрли ташаббуси айни мана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан юртдошларимиз кўнглидан жой олди.
Хайрли акцияга "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар Кенгаши ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва тизимдаги ЙҲХ бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари ва юқоридаги вазирликлар таркибига кирувчи қатор ташкилотлар ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, партия хайрихоҳлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/UZT_7Pk0fsI" title="Navbatdagi donorlik aksiyasi oʻtkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Партия ташаббуси билан бир неча йилдан буён ўтказилиб келинаётган ушбу беғараз донорлик хайрия акцияларида бугунги кунгача 24 753 нафар фуқароларимиз кўнгилли донор сифатида иштирок этишди, натижада 8 663 литр ҳаёт томчилари йиғилиб, 42 612 нафар болажонларнинг саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.
Бир сўз билан айтганда, "Бор меҳримиз сенга, болажон!" акцияси кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди. Бу галги акция доирасида бемор болажонлар учун икки мингдан зиёд беғараз донорлар томонидан минг литрдан зиёд қон тақдим этилди. Бу эса, ўз навбатида қанчадан-қанча ўксик кўнгилларга қувонч, умид ва нажот бағишлади деганидир.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА