
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида «Жадид маърифатпарварларининг ўзбек адабий тили ривожидаги ўрни» мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов кириш сўзи билан очиб берди:
— Ўзбек тили туркий тиллар оиласига кирадиган, ўзига хос алоҳида ўринга эга бўлган тил, — дейди Н.Маҳмудов. — Туркий тиллар билан таниш бўлган европалик олимлар бу тил ҳақида чиройли таърифлар айтишган. Немис алломаси Фридрих Макс Мюллер айтадики, «Туркий тилларнинг грамматикаси шу қадар гўзал ва тараққий этганки, худди олимлар жамоаси тўпланиб ўтириб, тузиб чиққандай. Шу қадар таранг ва ифода имкониятлари катта бўлган тил». Мана шу тиллардан биттаси ўзбек тили. Ўзбек тилининг ривожида буюк алломаларимиз, шоир ҳамда ёзувчиларимизнинг жуда катта ҳиссаси бор. Афсуски, тарих текис, силлиқ кетмаганидек, хилма-хил ривож ва таназзул ҳолатлари ҳам бўлган. Шунга қарамасдан тилимиз ривож топиб келяпти.

Тадбирда сўзга чиққан ёзувчи ва шоирлар, олимлар жадидларнинг тилга, адабиётга, давлат тили сиёсатига бўлган муносабатларининг ижтимоий аҳамияти ҳақида фикр юритишди. Конференцияда жадид маърифатпарварлари ижодида алифбо ва имло масалалари, ўзбек тилининг антропоцентрик тадқиқи муаммолари йўналишларида маърузалар тингланди.

Юртимизнинг таниқли тилшунос ва адабиётшуносларининг илмий асосланган, тарихий ва лингвистик далилларга бой фикр-мулоҳазалари ёш тилшуносларни янада изланишга чорлаши шубҳасиз.
Н.Раҳмонова, ЎзА