Аккредитация лотинча сўз бўлиб, “ишонч” деган маънони англатади. Бундан келиб чиқадики, аккредитация жамики маҳсулотларга бўлган ишончни таъминлайди. Аккредитация — бу Европа ва халқаро стандартларга мувофиқ малаканинг расмий эътирофи. Аккредитация 50 йилдан ортиқ вақт давомида ташкилотларни баҳолашнинг аниқ воситаси сифатида ишлатилган ва ҳозирда дунёда кенг қўлланилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда мазкур соҳада қандай ишлар олиб борилмоқда, қанақа янгиликлар жорий этилган? Ўзбекистон аккредитация тизими халқаро даражада тан олинганми?
Ўзбекистон миллий аккредитация маркази давлат муассасаси директори Ансабхон Зокиров билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
— Маълумки, ҳар бир давлат иқтисодиёти олдида турган муҳим вазифалардан бири мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳондаги янгидан-янги бозорларга кириб боришдир. Аммо мамлакатларнинг бозор борасидаги ўз қонун-қоидалари, қонунчилик ҳужжатлари, товар ва маҳсулотлар кириб келишига алоқадор талаблари, соҳа тилида айтганда, “техник тўсиқлар” мавжуд. Бу тўсиқларни бартараф этиш учун Аккредитация маркази томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Натижалар қандай?
— Ҳар бир давлат ички маҳсулотини ҳимоя қилади. Маҳсулот сифат кўрсаткичи юқори бўлгандагина харидоргир бўлади. Хориждан маҳсулот экспорт қилаётганда унинг халқаро стандартлар талабига жавоб беришини таъминлашимиз керак. Мисол учун, товарларни хорижга экспорт қилдик, халқаро стандартларга жавоб беряпти. Қўшимча ҳужжатларни расмийлаштириб қўйдик. Энди хориж бозорига шу маҳсулотларни олиб кирганда қуруқ гапга ишонмайди. Албатта, ҳар бир давлатнинг ички сиёсати, импорт товарга ички тартиби бор. Хорижлик бизнес вакиллари импорт қилган товарлари сифатли эканлигини исботлаб бериш керак. Аввало, экспорт қилинган маҳсулот текширувлардан ўтказилганда сифатли деб топилса, синов баённомалари, сертификат ва бошқа ҳужжатлар берилади. Маҳсулот сифатини текширувдан ўтказган лабораториялар аккредитациядан ўтказилади. Шундан сўнг хорижий ҳамкорнинг бу маҳсулотга ишончи ортади ва уни ўзининг ички бозорига олиб киради. Мана шу ерда аккредитация биринчи ўринга чиқади.
Аккредитация маҳсулотлар, хизматлар ва истеъмолчи учун етказиб бериладиган товарлар, хизматларнинг сифатига бўлган ишончни кафолатловчи механизм ҳисобланади. Биз истеъмол қилаётган барча маҳсулотлар ва хизматлар давлат томонидан белгиланган маълум бир талабларга жавоб бериши керак.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда 286 та синов лабораториялари, 115 та маҳсулотлар сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари аккредитация қилинган. Мазкур идораларнинг синов баённомалари, сертификатлари, расмийлаштирган ҳужжатлари хорижда тан олиниши керак. Бунинг учун аккредитация идорасининг ўзи хорижда тан олинган бўлиши лозим. Бу борада ўтган 5 йил давомида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
— Ўзбекистон миллий аккредитация тизими халқаро даражада тан олинганми?
— Ўзбекистон аккредитация маркази 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган ҳолда 2020 йил апрель ойида ILAC — Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ҳамкорлиги ташкилотининг ҳақиқий мухбир аъзоси сифатида тан олинган. 2020 йил декабрь ойида эса IAF аъзолигига қабул қилинди.
Марказ олдида турган кейинги вазифалардан бири мазкур халқаро ташкилотлар доирасида амал қилувчи аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимларга (ILAC-MRA ва IAF MLA) қўшилиш ва бу орқали маҳаллий маҳсулотлар экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда жаҳон бозорида тўсиқларсиз эътироф этилишини таъминлашдан иборат эди. Ушбу натижага эришиш учун Марказ ўз фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш, халқаро миқёсда талаб қилинадиган барча вазифаларни бажариш, битимларга аъзо бўлган давлатнинг тажрибаларини ўрганиш, фаолиятини янада такомиллаштиришга эътибор қаратди. Мутахассисларнинг малакаси оширилди, лаборатория ходимлари учун ҳам қатор ўқув-машғулотлари олиб борилди.
2022 йилнинг январь ойидан март ойига қадар 8 халқаро эксперт (Ҳонгконг, Ҳиндистон, Тайвань, Эрон, Малайзия, Шри-Ланка, Филиппин, Индонезия) Ўзбекистон аккредитация маркази фаолиятини баҳолашдан ўтказиб, хулосаларини берди. Умумий ҳисобда Марказ фаолияти қониқарли баҳоланиб, камчиликлар борасида тавсиялар берилди. Ушбу камчиликлар атрофлича ўрганилиб, бартараф этилди ва натижалар ёзма равишда халқаро ташкилотларга тақдим этилди.
Барча саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, 2022 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон аккредитация маркази ILACнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди ва ISO/IEC 17011:2017 халқаро стандарти талаблари ҳамда ILAC тартиб-таомилларига мувофиқ, ISO/IEC 17025 синов ISO/IEC 17025 калибрлаш соҳаларида аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимга қўшилди. Ўзбекистонда амалга оширилган синовлар дунёнинг 116 та давлатида тан олинишига йўл очилди.
2022 йилнинг 28 сентябрь куни эса яна бир нуфузли ташкилот — Халқаро аккредитация форуми (IAF)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди ва IAF тартиб-таомилларига мувофиқ маҳсулотни сертификатлаштириш, менежмент тизимини сертификатлаштириш соҳаларида аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимга қўшилди.
Халқаро лабораторияларни аккредитациялаш ҳамкорлиги ташкилоти 4 та йирик минтақавий идорадан (Европа, Марказий Америка, Африка ва Осиё Тинч океани) ташкил топган. Бугунги кунда дунёнинг 116 та давлати ушбу халқаро ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Яъни, “ILAC MRA” – “Синовларни ўзаро тан олиш битими”га қўшилган.
— Агар қон таҳлили учун 5 та тиббий диагностика лабораториясига қон топширилса, 5 хил натижа чиқади. Шифокор қайси бирига ишонишни билмайди. Бу каби хатоликларнинг олдини олиш учун тиббий диагностика лабораторияларини мажбурий аккредитациядан ўтказса бўлмайдими?
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/IaIBOYnkP8U" title="Akkreditatsiya sohasining zarurati nimada?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
— Қонунчилигимизга кўра, аккредитация ихтиёрий этиб белгиланган. Дунё миқёсида ҳам аккредитация ихтиёрий ҳисобланади. Аккредитациядан мажбурлаб ўтказиш аккредитация натижаларига салбий таъсир кўрсатади. Аммо аккредитациядан ўтказиш мажбурий бўлган идоралар ҳам бор. Бу маълум бир ҳужжатларда белгиланган ҳолда ўтказилади. Бу хорижий давлатлар амалиётида ҳам қўлланилади.
Лекин имкон қадар мажбурий аккредитациядан узоқлашиб, ихтиёрий тус бериш маъқул бўлади. Бу эса бирдан бўладиган иш эмас, жамиятнинг, иқтисодиётнинг ривожланиши натижасида эришилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА