Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия муносабатлари янги марралар сари одимламоқда, дейиш мумкин. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар учун хос бўлган “стратегик шериклик ва иттифоқчилик” таърифи бугунги куннинг холис, соф ҳақиқатидир. Бинобарин, Ўзбекистон — Россия ҳамкорлиги Марказий Осиё минтақаси умумий манфаати учун ҳам жуда муҳим.
26-27 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
РФ раҳбарининг юртимизга кутилаётган сафари икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
ЎзА мухбири ушбу муҳим воқеа олдидан ўзаро муносабатнинг жорий ҳолати ва истиқболи хусусида экспертлар фикрини ёзиб олди.
Мухтор Умаров, Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси раиси:
– Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Умумий тарих, маданий яқинлик, асосийси, давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувлари тарихий алоқалар ривожида муҳим ўрин тутмоқда.
Кўп қиррали ва юқори даражадаги муносабатда, албатта, иқтисодиёт ҳал қилувчи омил саналади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз асосий бозори, шунингдек етакчи инвестицион ҳамкорлардан бири сифатида Россия билан илиқ муносабат Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи учун жуда муҳим.
Юртимиз Марказий Осиё ўртасида жойлашганидан РФ ҳам манфаатдор. Россия раҳбарининг навбатдаги ташрифи давомида кўплаб янги келишувларга эришилиши, хусусан бизнес вакиллари, транспорт-логистика, энергетика, инвестиция, савдо-сотиқ соҳалари билан боғлиқ самарали музокаралар олиб борилиши кутиляпти. Бўлажак мулоқотлар амалиётга татбиқ қилиниши Ўзбекистон – Россия муносабатини юқори босқичга олиб чиқиши тайин.
2024 йил январь-апрель ойлари ҳолатига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга давлатлар орасида Россия Хитойдан кейин иккинчи ўринда турибди. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан маҳсулот ва хизмат айирбошлаш статистикасида 3 миллиард 843,8 миллион долларлик РФ улуши жами миқдорнинг 18,4 фоизига тенг.
Айниқса, сўнгги йилларда икки мамлакат бизнес тузилмалари мулоқоти фаоллашди, ўзаро маданий-гуманитар алоқа кенгайди, савдо-сотиқ ҳажми мунтазам ортмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришда “яшил йўлак” очилган. Юртимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат каби кўплаб муҳим тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Шу билан бирга ҳали фойдаланилмаган имконият бисёр.
РФ билан кўп қиррали алоқани қўллаб-қувватлаш аввал ҳам ташқи сиёсатимизнинг стратегик йўналиши эди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари эришаётган келишувлар томонларга савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек хавфсизлик масаласида амалий натижаларга эришиш имконини бериб, турли даражада биргаликдаги изчил ҳаракат учун асос бўляпти. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус ишлаб чиқилган “йўл харитаси”ни ҳаётга татбиқ этиш асносида ҳукуматлар, парламентлар ва бизнес доиралари ўртасида шериклик фаоллашди. Ҳудудлар даражасида тўғридан-тўғри алоқалар кўлами кенгайди.
Умуман, Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида ўтажак тадбирлар миқёсига эътибор берсак, дўстона, ўзаро ишончга асосланган муносабатни мустаҳкамлаш йўлида муҳим давр бошланажаги яққол намоён бўлади.
Сайфиддин Жўраев, Тошкент давлат шарқшунослик университети Таҳлилий тадқиқотлар маркази директори:
– Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, икки давлат ўртасидаги сиёсий дипломатия, савдо-сотиқ, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқа юқори босқичга кўтарилмоқда.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг юртимизга навбатдаги давлат ташрифи янги давр талабидан келиб чиқиб, эришилган натижаларни таҳлили учун хизмат қиладиган стратегик формат сифатида майдонга чиқади.
Айтиш мумкинки, бугунги глобаллашув замонида халқаро майдонда юзага келаётган кескин ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон ва Россиянинг сиёсий-дипломатик, иқтисодий муносабатлари мунтазам ривожланиб, изчиллик касб этмоқда, стратегик шериклик ва иттифоқчилик хусусиятини намоён қилмоқда. Бу жараёнга икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган кенг қамровли мулоқот мустаҳкам замин яратмоқда.
Биринчидан, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин йил давомида саккиз марта телефон орқали суҳбатлашган, икки бор ўзаро учрашув ўтказган. Россиянинг юқори даражали делегациялари – вазирлар, ҳудудий раҳбарлар республикамизга ташриф буюрган. Ҳукумат раҳбарлари, парламентлар аро делегациялар, жамоат ташкилотлари, хавфсизлик ва мудофаа соҳаси идоралари масъуллари мулоқоти доимий тус олган. Ташқи ишлар вазирлари ҳам икки томонлама доимий алоқани ушлаб келмоқда.
Иккинчидан, саноат, энергетика, транспорт, кимё, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар фаол босқичга кирди. Россия Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорларидан бири. 2023 йил ўзаро ташқи савдо айланмаси 9,8 миллиард долларга етди. Сўнгги 20 йилда РФ республикамизга 13 миллиард доллардан кўп сармоя киритди. Бу маблағлар саноатга, ишлаб чиқаришга йўналтирилди.
Учинчидан, ҳудудлар ўртасидаги кооперацион алоқа ўзаро муносабатнинг янги йўналиши сифатида такомиллашмоқда. Жумладан, Тошкент ва Жиззах вилоятларида “Химград” индустриал технопарки муваффақиятли ишламоқда. Бухоро ва Навоий вилоятларида янги “Алабуга” ва “Мастер” инновация парки барпо этилмоқда. Бундай платформа минтақавийлаштиришга оид мавжуд тенденцияга мос, чунки глобаллашув жозибадорлиги сусаймоқда. Минтақавийлаштириш кенг маънодаги иқтисодий ривожланишнинг асосий воситаларидан биридир.
Тўртинчидан, сўнгги йилларда россияликларнинг Ўзбекистонга саёҳати 10 баробардан кўпроқ ортиб, диёримизга келаётган рус туристлари сони 37 мингдан 403 минг кишига етди. 2023 йил хорижий сайёҳлар умумий нисбатида россияликлар улуши 33 фоизни ташкил этди. Россияга эса 800 мингдан зиёд ҳамюртимиз саёҳат қилган. Бу миқдор аввалги йилга қараганда икки баробар кўп. Россия ва Ўзбекистон орасида ҳафтасига 250 рейс амалга ошмоқда.
Энг муҳими, замонавий муносабатларимизнинг юқори даражаси умумий фаровонликка хизмат қилмоқда.
Владимир Путин Президент этиб қайта сайлангандан сўнг, Хитой ва Беларусдан кейин Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширмоқда. Бу Ўзбекистонга, халқимизга, давлатимиз раҳбарига нисбатан ўзига хос юксак ишончдан далолат. Ўз навбатида, кутилаётган мулоқот ва келишувлар икки давлат муносабатини янги босқичга олиб чиқиш учун асос яратади.
Фарход Каримов, сиёсий фанлар доктори:
– Россия Федерацияси 1992 йил 20 март санасида мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини тан олди ва шу тариқа муносабатларнинг замонавий даври бошланди. Бу йил икки мустақил давлат ўзаро алоқалари йўлга қўйилганига 32 йил тўлди.
Ўтган давр мобайнида таълим, иқтисодиёт каби устувор соҳаларда имзоланган кўплаб ҳужжатлар дипломатик алоқани ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Давлатимиз қоғозда мавжуд келишувлар, ўзаро манфаатли лойиҳаларни нафақат тезроқ рўёбга чиқариш, балки истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ҳам кенгайтириш ниятида.
Ўзбекистон Россиянинг барча компаниялари билан ва турли йўналишда ишончли, жиддий, аниқ иш олиб бормоқда. Ҳозирги кунга келиб, мамлакатларимиз ўзаро алоқа ўрнатмаган соҳанинг ўзи қолмади, ҳисоб.
Масалан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамкорлик учун ниҳоятда истиқболли йўналиш ҳисобланади. Боиси, икки мамлакат, деярли, бир вақтда тараққиёт учун ўта муҳим саналган ахборот технологияларини жорий этиш дастурини амалга оширишга киришди.
Қолаверса, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали технопарклар фаолиятини йўлга қўйиш, почта алоқасини такомиллаштириш, жамоатчилик билан алоқа бўйича мутахассислар малакасини ошириш, IT мутахассисларини тайёрлаш бўйича биргаликда саъй-ҳаракат олиб борилмоқда.
Маданий-гуманитар алоқа давлатлар аро муносабатни ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Кўпгина ўзбекистонлик ёшлар РФ олий ўқув юртларида таълим олишга қизиқади. Талабалар орасида Россиянинг Тошкентдаги олий ўқув юртлари, жумладан М.Ломоносов номли Москва давлат университети, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ҳамда Г.Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети филиалларига талаб юқори.
Миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш масалаларида саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш мустаҳкам ҳамкорликка яна бир ёрқин мисол. Айни пайт Тошкент ва Москва кенг қамровли йўналишлар, хусусан тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, оммавий қирғин қуроллари тарқалиши, гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмаси каби таҳдид ва хатарларга қарши курашишда фаол шерикликни йўлга қўйган.
Хуллас, муносабатларнинг янги босқичи расмий Тошкент ва Москва ўртасидаги сиёсий мулоқотга ишонч бахш этмоқда. РФ етакчисининг мамлакатимизга бўлажак ташрифи эса амалда давлатларимиз учун барча даражада, ҳар бир долзарб йўналиш бўйича ҳамжиҳат ҳаракатни давом эттириш имконини беради.
Ўткир АЛИМОВ тайёрлади.
ЎзА