Миллий спорт туримиз кураш бўйича навбатдаги Осиё чемпионати жорий йилнинг 6—10 июнь кунлари Эрон пойтахти Теҳронда бўлиб ўтади.
Кеча мазкур нуфузли мусобақада иштирок этадиган спортчиларни рўйхатга олиш ишлари якунланганлиги эълон қилинди.
Тақдим этилган талабномаларга биноан 20 та давлатнинг 250 нафардан ошиқ курашчи ёшлари ўз вазнларида ғолиблик учун кураш олиб бориши белгиланган.
Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) хабарига кўра, ўн учинчи марта ўтказилаётган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида илк бора қочоқлар жамоаси ҳам иштирок этади. Бу кураш бўйича халқаро мусобақалар тарихида биринчи марта юз бермоқда.
Қочоқлар жамоалари тўғрисидаги қарор 2023 йил Ашхободда ўтган IKA конгресси ва 2024 йил Дубай шаҳрида ўтказилган IKA бошқарув қўмитаси йиғилишларида муҳокама қилинган ва тегишли нормативлар қабул қилинган эди.
Эндиликда қочоқлар жамоаси Халқаро кураш ассоциацияси тақвимидаги барча мусобақаларда иштирок этиши мумкин. Бунда жинс тоифасидан ташқари ирқи, миллати ва ижтимоий келиб чиқишлари ҳисобга олинмайди. Жамоа Халқаро кураш ассоциацияси томонидан координация қилинади.
Халқаро Олимпия қўмитаси стандартлари асосида жамоанинг байроғи ва мадҳияси сифатида Халқаро кураш ассоциацияси байроғи ва мадҳиясидан фойдаланилади.
Теҳронда бўладиган мазкур қитъа чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон терма жамоаси айни кунларда Тошкент вилоятидаги «Янгиобод» спорт базасида сўнгги машғулотларни олиб бормоқда.
— Чемпионатга ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Мамлакатимизнинг деярли барча етакчи курашчилари, тажрибали мураббийлар машғулотларга жалб этилган. Ўқув-йиғинни тўла-тўкис олиб боришимиз учун Спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилган, — дейди терма жамоа бош мураббийи Ризамат Солиев.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 24 та давлат терма жамоалари иштирокида Хитойнинг Хангжоу шаҳрида ўтказилган кураш бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз 4 та олтин, 2 та кумуш медаль билан умум жамоада ҳисобида 1-ўринни эгаллаган эди.
Т. Рўзиев, ЎзА