Муносабат
Кейинги етти йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми олти баробар оширилди. Шифохоналар замонавий жиҳозланиб, янгилари барпо этилмоқда.
Тиббиётни халққа яқинлаштириш мақсадида жойларда скрининг текширувлари ўтказилмоқда. Шунингдек, соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Биргина янги таҳрирдаги Конституцияда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар тўрт баробар кўпайтирилди.
Гипертония, юрак ишемик ва сурункали ўпка хасталиклари, бронхиал астма, қандли диабет, гепатит каби энг кўп учрайдиган 7 та касаллик гуруҳи бўйича даволаш стандартлари халқаро талаблар асосида янгиланди. Йил якунигача яна 300 та клиник протоколлар қайта кўриб чиқилади. Беморларга одатий текширувларни белгилаш, дорисиз даволаш каби вазифалар шифокордан ҳамширага ўтказилади. Поликлиникаларда беморлар ҳаракати тартибга солиниб, шифокорларга навбат кутиш вақти камайтирилади.
Аммо, таҳлиллар қилинаётган ишлар етарли даражада эмаслигини, бугунги кун талабларидан келиб чиқилса соҳага замонавий бошқарув ва самарали даволаш усулларини жорий қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу боис, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида жорий йилнинг январь ойида “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган эди.
Қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ташкил этилган эди. Лойиҳа офисининг асосий вазифалари сифатида давлат тиббий суғуртаси тизимини ва кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини такомиллаштириш, давлат харидлари самараси ва шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда санитария қоида ва нормаларини замонавий талаблар асосида янгилаш белгиланган.
Ўтган вақт давомида лойиҳа офиси томонидан муйаян ишлар амалга оширилди. 21 май куни давлат раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда ушбу ишлар таҳлил қилиниб галдаги вазифалар белгилаб берилди. Маълумки, уч йил аввал тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида тиббий суғурта механизмлари йўлга қўйилган эди. Ўтган уч йиллик вақт давомидаги таҳлиллар тиббиёт соҳасига суғурта тизимни жорий қилиш билан боғлиқ бир қатор муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатиб берди.
Бунинг асосий сабабларидан бири – тиббиёт муассасаларининг етарлича рақамлаштирилмаганлигидир. Натижада шифокорларнинг кўп вақти беморларни текширишга эмас ҳисобот тўлдиришга кетиб қолмоқда. Шу боис йиғилишда давлат раҳбари томонидан Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун барча муассасалар янги компьютер ва техника воситалари билан жиҳозланади. Йил якунигача “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” тизимлари ишга туширилади.
Хусусан, 2024 йилда Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади. Эътиборлиси, ушбу тизим аҳоли томонидан тўланаётган умумий солиқлар ҳисобидан ташкил этилаётганлиги боис фуқаролардан бу хизмат учун тўловлар ундирилмайди.
Тиббий суғурта доирасида;
– давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади;
– беморларни ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўллаш тизими ташкил қилинади. Бунда ушбу тартибга риоя қилинган ҳолдагина бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
– аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар сабаб тез тиббий ёрдам тизимида ҳам муайян ижобий ўзгаришларга эришилди. Уларнинг чақирувларга етиб бориш вақти 40-50 минутдан 10-15 минутгача қисқартирилди. Аммо, тизимда мурожаатларни касалликнинг оғирлигига қараб сараламаслик билан боғлиқ ҳолат сақланиб қолаётганлиги боис, эндиликда тез ёрдам “колл-марказ”ларида беморларга шифокор маслаҳати ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, жорий йил Тошкент шаҳрида, келаси йилдан бошқа ҳудудларда парамедик ва педиатрик бригадалар ташкил этилади. Тизим ходимлари тиббий маслаҳат шифокори, чақирувни саралаш оператори, фельдшер-парамедик йўналишида қайта тайёрланади.
Умуман олганда юқорида белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши бевосита биз халқ вакилларидан катта масъулият талаб қилади. Эндиликда парламент назорати ва жамоатчилик ўрганишлари орқали тиббий хизмат бошқарувини такомиллаштириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жадал татбиқ этиш бўйича белгилаб олинган аниқ режа ва дастурларни назорат қилиб бориш бош мақсадимизга айланиши лозим.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА