Тошкентга етиб келган йўловчилар энди тўғридан-тўғри аэропортда автомашинани ижарага олиш имкониятига эга бўлди. 20 майдан Europcar бренди остидаги автомобилларни ижарага бериш компанияси иш бошлаган, дейилади Uzbekistan Airports маълумотида.
Майдони 8 квадрат метр бўлган жой «E-auksion.uz» электрон платформасида савдога қўйилган эди. Хизмат Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залидан чиқишда жойлашган.
Автомобилни ижарага олиш учун пойтахт аэропортига келган йўловчи Europcar пештахтасига бориб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши керак. Шундан сўнг, Europcar.com, Expedia.com, EconomyBookings.com онлайн платформаларидан бири орқали автомобилни танлаши, шартнома тузиши ва депозит ёки ижара ҳақини тўлиқ тўлаши лозим. Рўйхатдан ўтиш тугаллангандан сўнг, йўловчига автомобиль калити берилади ва машина олдига кузатиб қўйилади.
Компания паркида йўловчи маҳаллий ёки хорижий ишлаб чиқарувчи автомобилини, шунингдек, электромобиль ёки бензинда ишлайдиган автомобилни танлаши мумкин. Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқарилган йили тўрт йилдан, юрган масофаси 80 минг километрдан ошмайдиган автомобиллар ижарага берилади. Автомобиль ушбу кўрсаткичлардан бирига етгандан сўнг, машина тизимдан чиқарилади.
Europcar – 1949 йилда асос солинган, штаб-квартираси Парижда жойлашган автомобиль ижара компанияси. Франциянинг Эуразео инвестицион компаниясига тегишли бўлиб, унинг паркида 150 та мамлакатда 250 мингдан ортиқ автомобиль ва 3 мингга яқин ижара пунктлари мавжуд.
Аввалроқ Тошкент аэропорти маҳаллий авиақатновлар терминалида тўхташ вақтидан ошиқ турган ҳайдовчилар жаримага тортилиши тўғрисида хабар берилганди. 15 майдан бошлаб тизим автоматик равишда ишламоқда.
М.МАДАМИНОВА,
ЎзА