Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад экологик барқарорликни таъминлаш, халқимиз ҳаётини яхшилашдир. Чунки дунё бўйлаб давом этаётган экологик инқироз ва чўлланиш, биринчи навбатда, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётир.
Бу хайрли ташаббусни бутун халқимиз қўллаб-қувватлагани, унда иштирок этганидан хабарингиз бор. Бу жараёнда вазирлик ва идоралар ҳам фаол қатнашди. Хўш, натижалар қандай?
Бош прокуратура “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида бевосита иштирок этиш билан бир қаторда лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар назоратини ҳам амалга оширмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор мавсумида амалга оширилган ишлар ўрганилмоқда.
Тегишли вазирлик билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчат экиш ишларининг ҳаққонийлиги, натижадорлиги, масъуллар бириктирилгани ва суғориш тизимларининг мавжудлигини танқидий ўрганишда бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмагани аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 декабрдаги 702-сонли қарорига асосан Бўстонлиқ тумани ҳудудида 2024 йил баҳор мавсумида 12 та вазирлик ҳамда идора томонидан 523,6 минг туп дарахт экилиши режалаштирилган. Лекин бугунги кунга қадар Энергетика вазирлиги томонидан кўчат экиш ишлари амалга оширилмаган.
Туманнинг “Қорамозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мамлакатимизнинг етакчи банклари томонидан белгиланган режа асосида кўчатлар экилган. Аммо кўчатлар учун ҳозирги кунга қадар суғориш тизими ташкил этилмаган.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 3,5 минг туп, Учтепа туманида 3 минг туп дарахт экилмагани, аксарият ҳудудларда суғориш тизими мавжуд эмаслиги масъул раҳбарларнинг эътиборсизлигидан дарак беради.
Ўрганишда туман-шаҳар масъуллари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмагани аниқланди.
Андижон вилоятида ўтказилган ўрганишда 19 ҳолатда 1 минг 128 туп дарахт суғорилмайдиган ерларга экилгани ҳолати бўйича 6 нафар масъул шахс, Қашқадарёда 12 ҳолатда экилмаган 48 минг 348 туп дарахт қўшиб ёзилгани бўйича Касби, Миришкор, Чироқчи туман ҳокимларининг ўринбосарлари, Китоб ва Чироқчи тумани экология бўлим бошлиқлари интизомий ҳамда 2 нафар масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Вилоят ҳокимлигига қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси мансабдор шахслари Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида экилган 175 туп қимматбаҳо дарахтларни қаровсиз қолдириб, нобуд қилиб, табиатга 1 миллиард 487 миллион сўмлик зарар етказган.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ХХ асрнинг экологик фожиасига айланиб улгурган Оролбўйи минтақасида, денгизнинг қуриган тубида давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан яшилликни кенгайтириш, мавжуд биохилма-хилликни сақлаб қолиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган амалий ишлар қилинаётган бир пайтда, Бўзатов тумани масъул шахсларининг эътиборсизлиги натижасида табиатга жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Хусусан, Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан тумандаги “Азамат қипшах” фермер хўжалигига қарашли бўлган 0,25 гектар ва унга туташ бўлган 1,52 гектар туман ҳокимлиги захира фонди ер майдонида номаълум шахслар томонидан ўт қўйилиши оқибатида содир бўлган ёнғинда табиий ҳолда ўсувчи ҳар хил диаметрдаги 1 минг 759 дона торанғил ва жийда дарахтлари нобуд қилинган.
Оқибатда табиатга 8 миллиард 408 миллион 880 минг сўмлик зарар етказилган. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбдор шахслар томонидан етказилган зарарларни қоплаш мақсадида торанғил, жийда ва бошқа эндемик ўсимликлар экиш йўли билан яшилликни тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Прокуратура органлари томонидан бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда. Аниқланган қонунчиликка зид ҳолатлар бўйича тегишли таъсир чоралари қўллаш ҳам давом этади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА