Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ)га аъзо давлатларнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссиялари 10-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссиялар вакилларининг учрашуви ҳам ташкил этилди. Унда юртимиздан ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси Бош котиби ўринбосари Элмурод Нажимов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Делегация раҳбари иштирокчиларга қутлов сўзи билан мурожаат қилиб, мамлакатлар ўртасида маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига кўпмиллатли номзодларнинг киритилишига биргаликда қўшган фаол ҳиссаси учун вакилларга миннатдорчилик билдирди.
Нутқ сўнгида делегация раҳбари ТУРКСОЙга аъзо мамлакатларни 2025 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига таклиф қилди.
Йиғилиш доирасида Туркий дунёнинг маданий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция муҳокамаси бўлиб ўтди.
Б.Худойбердиев, ЎзА