Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар оромгоҳи”да Ўзбекистон болалар ташкилоти томонидан ўтказилаётган Республика болалар форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Болаларни миллий ғоя асосида Ватанга содиқ фарзанд этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятларини намоён қилишлари ҳамда ривожлантириш мақсадида ташкил этилган форумда 196 нафар ҳудудий Сардорлар кенгаши аъзолари ва 100 нафарга яқин Республика болалар форуми йўлланмасини қўлга киритган фаол болалар иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида ҳудудий ва республика сардорларининг фаолиятлари юзасидан ахбороти тингланди ва қабул қилинди. Очилиш маросими сўнгида истеъдодли ёшлар ва эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари иштирокида гала-концерт дастури ташкил этилди.
Форум давомида “Қадрият, урф-одат, анъана ва болалар!” ҳудудларнинг миллий кўргазмалари ҳамда рақслар танлови, “Тунги мактуб” лойиҳаси, сардорлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини, “Энг намунали ҳудудий Сардорлар кенгаши” танлови, “Қўрқма” фильми тақдимоти, ёшларга хорижий тилларни ўргатиш бўйича “Ибрат” фарзандлари фаолияти билан таништириш ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви ташкил этилади.
Шунингдек, болалар учун тренерлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилиб, Сардорлар кенгаши аъзолари учун ватанпарварликни сингдирувчи, экологик маданиятни ошириш, ёшларнинг юртга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуларини ҳамда Янги Ўзбекистоннинг замонавий ютуқларидан фахр-ифтихор ҳиссини мустаҳкамлашга бағишланган турли учрашув, танлов ва семинар-тренинглар ўтказилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА