Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Бу меъёрлар Сенат ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда акс этган.
Қонун билан тегишли қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Уй-жой кодексида турар жойларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши белгиланди.
Маълумки, иқлим ўзгариши оқибатида йилдан-йилга сел келиши ва кўчки билан боғлиқ хавфли жараёнлар тобора фаоллашиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, сел ва кўчки билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, кўриладиган иқтисодий зарар миқдорини камайтириш мақсадида Шаҳарсозлик кодексига сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда қуришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш тақиқланиши белгиланган янги норма киритилмоқда.
Шу билан бирга, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши, шунингдек, ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи янги норма акс эттирилмоқда.
Мазкур қонун хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар яратишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА