Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) давлатлар ўртасидаги савдони тартибга солиш билан шуғулланувчи нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. ЖСТга аъзо мамлакатлар сони 166 тани ташкил этади ва дунё бўйлаб савдонинг 95 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистонда ЖСТга аъзо бўлиш йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақда адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов билан суҳбатлашдик.
– ЖСТ товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк объектлари халқаро савдоси соҳасида “камситмаслик” тамойили устуворлигини таъминлашга қаратилган ташкилот ҳисобланади. Ушбу тамойил асосида аъзо давлатлар томонидан ўз савдо ҳамкорлари, шунингдек, хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчилар орасида камситишга йўл қўйилмаслиги таъминланади.
Натижада ЖСТга аъзо ҳар бир давлат халқаро савдонинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида бошқа аъзолар билан бир хил имкониятлар асосида ташқи иқтисодий ва савдо муносабатларини олиб боради.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ЖСТга аъзолик бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Хусусан, аъзо давлатлар билан кўп томонлама ва икки томонлама музокараларни якунлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Таъкидлаш лозимки, миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш ушбу ташкилотга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Президентимизнинг қарорига асосан Адлия вазирлигига миллий қонунчиликнинг ЖСТ битимларига уйғунлигини таъминлаш вазифаси юклатилди.
– Адлия вазирлиги бу борада қандай ишларни амалга оширди?
– Адлия вазирлиги томонидан нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари экспертизадан ўтказилмоқда, балки вазирлик ташаббуси билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шу муносабат билан “Миллий режим”, яъни маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар ўртасида камситмасликни таъминлаш ҳамда миллий интеллектуал мулк тизимини халқаро талабларга мослаштириш мақсадида 2024 йил 15 февралда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун бевосита миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига мувофиқлаштиришга йўналтирилган ва интеллектуал мулк, реклама, дори воситалари ва фармацевтика фаолияти ҳамда давлат божига оид қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Ушбу қонун қабул қилингунига қадар давлат божи миқдорлари хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 10 баравари миқдорида, маҳаллий юридик шахслар учун эса БҲМнинг 1 баравари миқдорида ўрнатилган эди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар натижасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун ўрнатилган давлат божи бирхиллаштирилган ҳолда БҲМнинг 1 баравари миқдорида белгиланиши билан тегишли қонунчилик ҳужжатлари ЖСТнинг Хизматлар савдоси бўйича бош битимига мувофиқлаштирилди.
– Қонунчиликдаги бу ўзгартиришлар қандай натижа беради?
– Бу хорижий инвесторлар ва резидентлар учун тенг имкониятлар яратилиши билан бир қаторда, иқтисодиётимизга киритиладиган инвестициялар кўлами кенгайишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, қонунда миллий интеллектуал мулк тизимини ЖСТнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисидаги битими, яъни ТРИПС битими талабларига уйғунлаштириш назарда тутилган.
Маълумот учун: ТРИПС битими ЖСТга аъзо давлатлар томонидан интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш бўйича минимал талабларни белгиловчи битим ҳисобланади.
“Давлат божи тўғрисида”ги қонунда резидентлар ва норезидентлар учун белгиланган патент божи миқдорлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилар эди. Масалан, ихтирони давлат рўйхатидан ўтказиш учун талабнома топширганлик, расмий экспертизадан ўтказганлик ва маълумотларни эълон қилганлик учун резидентлардан БҲМнинг 1 баравари миқдорида бож ундирилиши белгиланган бўлса, худди шу ҳаракатлар учун норезидентларга БҲМнинг 17 баравари миқдорида патент божи тўлаш назарда тутилган эди.
Янги қонун билан киритилган ўзгартиришларга асосан эса патент божи тўловчилари сифатида кўрсатилган резидент
ва норезидент мос равишда жисмоний ва юридик шахс деб ўзгартирилиб, улар томонидан тўланиши лозим бўлган патент божи миқдорлари бирхиллаштирилди.
Таъкидлаш лозимки, давлат божлари миқдорларини камайтириш орқали Ўзбекистонда ўз интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилишни режалаштирган жисмоний ва юридик шахсларга қулай шароит яратилди.
Шунингдек, миллий интеллектуал мулк тизимини ТРИПС битими талабларига уйғунлаштириш мақсадида ҳукумат томонидан патент эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланишга рухсат бериш мумкин бўлган аниқ ҳолатлар ҳамда уларга товон пули тўланишини белгилаб бериш, ўзга шахсга тегишли саноат мулки объекти (патент)дан жамоат манфаатлари учун мажбурий лицензия асосида фойдаланиш ҳуқуқини олиш ва бундай фойдаланганлик учун патент эгасига мутаносиб миқдорда товон пули тўланишига оид алоҳида нормалар киритилди. Инсофсиз рақобат оқибатида рўйхатга олинган товар белгиларини бекор қилиш бўйича даъво муддати бекор қилинди.
Ихтиро ва фойдали моделларни давлат рўйхатидан ўтказишда II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган патент божининг 90 фоизи, таълим олувчи шахсларга, илмий ва илмий-педагогик ходимларга 30 фоизи, юридик шахс бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотларига ва илмий ташкилотларга
25 фоизи миқдорида имтиёзлар бериш, оригинал дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, хусусан, дори воситасини яратиш жараёнида ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида олинадиган клиник олди ва клиник синовлар натижаларини ҳимоя қилишни кўзда тутувчи қоидалар киритилди.
Миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари талабларига мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо давлатлар билан ўтказаётган икки ва кўп томонлама музокараларининг самарадорлигига сезиларли ҳисса қўшади. Давлатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни янада жадаллашишини таъминлайди.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.