Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун қандай чоралар белгиланади?
Давлат мулкидан самарали фойдаланилмаслик ва уни ижарага бериш тартибини бузиш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари кўпайган. Бу эса, ўз навбатида, давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчилик бузилишининг олдини олишга қаратилган чораларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу боис, “Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилди. Унга кўра, давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижарага олувчига ижарага берилган давлат мулкини қабул қилиб олиши, унинг ҳудудига кириши ва фойдаланишига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатган ҳолда ижарага берганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига асос бўлади.
Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида қайта содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун давлат мулкидан самарали фойдаланишни, ижарага олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА