Эндиликда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганда суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага истеъмолчи билан тузилган шартнома, пеня ҳисобланиши ва истеъмолчини тармоқдан узиш ҳақидаги огоҳлантириш кўрсатилган ҳужжат, қарзни тўлаш тўғрисидаги талаб ҳамда унинг истеъмолчига юборилганини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси берилади.
Бу “Ижро ишини юритиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда акс этган.
Сенат ялпи мажлисида мазкур қонун муҳокама қилинди. Қонунга истеъмолчини тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узилганини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхалари ҳам берилиши билан боғлиқ норма киритилаётгани қайд этилди.
Мажлисда маъқулланган қонун ҳужжатларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш, қолаверса, истеъмол қилинган ёқилғи-энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА