Инсоният ахборот оқими тобора тезлашган, қолаверса, тафаккур тарзини ўзгартиришга қодир бўлган, ахборот технологияси вужудга келган бир даврда яшамоқда. Бу ҳозирги замон тамаддунининг ўзига хос ютуғи. Бироқ тамаддуннинг ана шундай улкан, "кенг миқёсли ва серқирра ютуғидан ким қандай масалаларда фойдаланмоқда? Унинг беқиёс қудратли кучи нималарга ишлатиляпти?" деган ҳақли савол ҳам муаммога айланмоқда.
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар энг асосий ахборот маконига айланиб бўлган. Исталган вақт расмий ва норасмий ахборот каналларини кузатар экансиз, ундаги асосий янги хабарларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилиб доимий кузатувчисига айланиб қолганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Оммавий ахборот воситалари олдидаги энг катта мақсад ва эҳтиёжлардан бири бу доимий аудиторияни мунтазам жалб этишдан иборат.
Сарлавҳа ярим мақола дейишади.
Ахборот оқими шиддат билан ривожланаётган бир паллада аудиториянинг асосий қисми ОАВ (асосан, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлардаги турли каналлар)даги материалларнинг фақат сарлавҳасини ўқиш билан чекланади. Чунки интернетни ёқишимиз билан ахборотлар ёғилиб келади. Буларнинг барчасини ўқишга вақтимиз етмайди, кўпинча.
Бугун сарлавҳаси ваҳима, лекин ичи пуч хабар ва мақолалар кўпайди. Аслида, ҳақиқатдан йироқ, баландпарвоз сарлавҳалар қўйишдан мақсад кўпроқ ўқувчи диққатини тортиш, рейтингларда юқори ўринларни эгаллашдан иборат холос. Лекин халқимизга хос вазминлик, ҳақиқатгўйлик каби фазилатлар ўрнини, тобора ёлғон, одамлар кўнглига қўрқув солиш каби салбий иллатлар эгаллаб бормоқда. Ушбу ваҳимали сарлавҳалар ортидан келиб чиқаётган "оқибатлар" учун ким жавоб беришини афсуски мақола муаллифлари ўйлаб кўришмайди...
Пашшадан фил ясаб, ёлғон-яшик сарлавҳалар билан кузатувчи эътиборини тортиш унга нисбатан ҳурматсизлик саналади. Бундан ташқари, шоу-бизнес вакиллари ва таниқли шахсларнинг ҳаёти билан боғлиқ маълумотларни тарқатишда ҳам ёлғон-яшик, мавзу доирасидан четда бўлган сарлавҳалар танланади. Бу эса, қайсидир маънода, интернет нашрлари ёки муаллифга турли рейтинглардан юқори ўрин эгаллаш, даромад, обрў олиб келади. Бошқа томондан эса, катта эҳтимол билан жамият тараққиётида турли таҳдидлар, низолар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Энг асосийси кузатувчилар ва ОАВ ўртасида ўзаро ишонч йўқолади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тўғри танланган сарлавҳа мақолада кўтарилган масалага тўлиқ мос тушиши, ўқувчи диққатини жалб қила олиши билан бир қаторда шакл ва мазмун уйғунлигини ҳам таъминлаб беради. Зеро, бўрттирилган, асл моҳиятдан йироқ сарлавҳалар ўқувчи ва ОАВ ўртасидаги ишончнинг йўқолишига, кузатувчилар онгида журналистлар ёлғончи ва маддоҳга айланишига сабаб бўлади.
Ёлғон-яшик сарлавҳалар билан кузатувчи эътиборини тортиш унга нисбатан ҳурматсизлик саналади. Ҳох ижобий ҳоҳ танқидий мақола бўлсин, журналистнинг фақат ўзигагина хос бўлган услуб билан ёндашиб асосли ёритилган мақола ҳар томонлама "ўқишли" ва кузатувчиларнинг доимий мухлисига айланишига асос бўлади.
Шу ўринда кузатувчилардан ҳам огоҳлик талаб қилинади, сифатли, ишончли ва асосли маълумотлар, хабарларни кузатиш орқали сиз ҳар томонлама ўзингиз ва яқинларингизни ортиқча ваҳима, ҳавотирлардан қутқариб қолишингизни унутманг. Имкон даражасида расмий тасдиқланмаган маълумотлар билан яқинларингиз ва дўстларингиз билан бўлишманг. Зеро ахборот истеъмолчиларининг талабига қараб, шунга мос ахборотлар ёритилишини унутмаслик лозим.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/51jIrwvLX5s" title="Sarlavha qoʻyish ham sanʼat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Бизни кузатишда давом этинг. Ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.
М.Турдалиева, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА