Шу кунларда Наманган гул ва гулчилик пойтахтига айланган. Бу ерга ўн минглаб сайёҳлар оқиб келяпти. Гул байрами арафасида сайёҳлар учун яна бир қувончли воқеа рўй берди: Наманган – Чодак – Наманган йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилди.
Унинг очилиш тантанасида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Президенти номини бир неча бор тилга олдилар. Бунинг сабаби шунда эдики, Шавкат Мирзиёев шу йил 25-26 март кунлари Наманганга ташрифлари чоғида айнан Наманган – Чодак – Наманган сайёҳлик йўналишида шаҳарлараро поезд қатнови йўлга қўйилади, деган эдилар. Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамияти ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорликда бу вазифани қисқа муддатда амалга оширдилар.
Биринчи рейсга иззат-икром билан вилоят нуронийлари, меҳнат фахрийлари таклиф этилди.
– 6-7 йилдан буён Чодакни ўзлаштириб, туризм ривожлантирилди, – дейди меҳнат фахрийси Мавлюда Нуриева. –Шу сабабли давлатимиз раҳбари томонидан транспорт соҳасида ҳам катта ёрдам кўрсатилди. Минг раҳмат Президентимизга, айтган гаплари амалга ошди. Халқимиз жуда хурсанд.
Поезд вагонларида йўловчилар учун ғоят қулай шароитлар яратилган. Алоҳида хоналар ҳаво ҳароратини меъёрлаштирувчи ускуналар билан жиҳозланган. Намангандан Чодаккача боргунча йўл-йўлакай Тўрақўрғон, Чуст, Поплик йўловчиларни ҳам олиб кетади.
–Ушбу поезд Наманган вокзалидан ҳар куни соат 8:10 да йўлга чиқади ва Чодакка 11:00 да етиб боради. Кечқурун эса Чодакдан 19:20 да йўлга чиқиб, Наманганга 21:30 да етиб келади, – дейди “Ўзтемирйўлчи” АЖ бўлим бошлиғи Дилмурод Убайдуллаев.
Биринчи рейс Чодак станциясида катта тантана билан кутиб олинди. Маълумки, Чодакда учта катта-катта маҳалла бўлиб, бу воқеа улар ҳаётида ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки шаҳарлараро поезднинг мунтазам қатнови аввало Чодакка келадиган сайёҳ, дам олувчилар сонини кескин оширади.
Тоғлар бағридаги Чодак гўзал табиати билан ҳамиша ўзига мафтун этиб келган. Тезоқар дарёлари, ўрмонзорга айланган ёнбағрлари ва албатта енгил, тоза ҳавоси Чодакнинг энг катта бойлигидир. Сўнгги 3-4 йил ичида Чодакда улкан қурилиш ишлари олиб борилди. Ўнлаб дам олиш масканлари ташкил этилди. Энди мунтазам поезд қатнаши эса дам олувчиларга яна бир қулайликдир.
–Ҳавоси тоза. Тоғдан катта сой оқиб тушади. Биз ҳар йили оиламиз билан 2-3 марта шу ерга келиб дам оламиз, – дейди Хабибулло Турсунов. – 10-12 киши учта тўртта машинада келар эдик. Энди ҳаммамиз битта поезда биргалашиб келиш имкони яратилди. Кейинги сафар албатта оиламиз билан поездда келамиз.
Очиғи, бу воқеа чодаклик тадбиркорларни ҳам қувонтириб юборди.
– Намангандан поезд қўйилгач меҳмонлар сони кўпаяди. Энди уй – дам олиш манзилимизда меҳмонлар учун жойлар сонини кўпайтирамиз, – дейди уй–меҳмонхона эгаси Умида Комилова.
Шу ўринда айрим мулоҳазаларни ҳам айтмасак бўлмас. Наманган – Чодак – Наманган йўналишида поезд қатнови бошланди. Шубҳасиз сайёҳлар сони ошади. Аммо уларга транспорт, меҳмонхона ва бошқа хизматларчи? Чодак станциясига етиб келган дам олувчилар тоғдан паст қишлоқларга, меҳмонхоналарга тушиши учун уларга хизмат кўрсатадиган, аввалдан бюртма оладиган туристик гуруҳлар ташкил этиш лозим бўлади.
Шаҳарлараро поезд кеч оқшомда Чодакдан Наманганга йўл олди.
Ҳа, дарвоқе, бу йўналишга сиз чипталарни уйда бўла туриб, куннинг исталган вақтида онлайн тарзда сотиб олишингиз ҳам мумкин.
– Онлайн тўлов тизими орқали йўловчилар барча турдаги тўлов карталари орқали йўлкира хақини тўлаб, чипта олсалар бўлади, – дейди Дилмурод Убайдуллаев.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TAf6H2nNvM0" title="CHODAKKA POYEZDDA BORAMIZ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА