Ҳудудларда ишсизликни камайтириш, бандлиги таъминланмаган фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиб, иш ўринларини яратиш мақсадида “Миллий банк” АЖ томонидан янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Гап шундаки, банкнинг республикамиздаги ҳудудий филиаллари мутахассислари, ҳоким ёрдамчилари ва туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари ҳамкорликда ишсиз фуқароларни қисқа муддатли курсларда ўқитиш ва бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишларни йўлга қўйди.
Масалан, Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида банкнинг кўмаги билан 40 нафар фуқаро ушбу дастур асосида ўқитилмоқда. Муҳими, бу ерни тамомлаган тингловчиларнинг иш жойлари аниқ. Банк мижозлари бўлган кафе ва ресторанлар ўртасидаги келишувга асосан уларга малакали ишчи-хизматчилар тайёрлаб берилмоқда.
Тингловчилар ушбу курсларда бепул таҳсил оладилар, ҳунар эгаллайдилар. Муҳими, ўзлари танлаган соҳада меҳнат қиладилар.
Умуман бугунги кунда республикамизда 37та “Ишга марҳамат” мономаркази ва 52та касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари мавжуд бўлиб, уларда фуқароларимиз 70 дан ортиқ замонавий касбларга ўқитилади. Эътиборлиси, “Ишга марҳамат” мономарказлари томонидан битирувчиларга бериладиган халқаро сертификатлар касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган.
2024 йил январь-апрель ойлари ҳоким ёрдамчилари ва туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари, масъул ташкилотлар банклар билан ҳамкорликда 50 минг нафарга яқин ишсиз аҳоли вакилларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга тайёрлаш ва малакасини ошириш учун юборди.
Шу кунга қадар уларнинг 11,5 минг нафари ўқишни тамомлади. Эътиборлиси, касб-ҳунарга ўқитиш учун юборилганларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этади.
Жорий йилнинг ўтган даврида жами 2 минг нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар касб-ҳунарга ўқитиш учун жалб этилган.
Айтиш керакки, “Ишга марҳамат” мономарказларида ҳар бир курс учун белгиланган ўқитиш муддатлари ва соатлар ҳажми тегишли соҳа мутахассислари, иш берувчилар, WorldSkills ҳамжамияти стандарти, меҳнат бозоридаги талаб, таклиф ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Муҳими бундай марказларда малака эгаллаган фуқароларимизга халқаро тан олинган сертификатлар берилиб, давлатлараро тузилган шартномалар асосида 86 мамлакатда эгаллаган касби бўйича ишлаш ҳуқуқини яратиб беради.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/0q3yDd5NbVk?si=hG4UvKd-Eii96CjX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА