Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Боғишамол маҳалласи одамлари томорқачиликда барчага ўрнак. Маҳалладаги қайси хонадонга кирманг, яшнаб турган экинларга кўзингиз тушади.

Шу маҳаллалик Бахтиёр Ҳакимов деҳқончиликнинг ҳадисини олган омилкор деҳқонлардан. Айни пайтда 62 ёшни қаршилаётган қаҳрамонимизнинг суяги меҳнатда қотган. Вақт топди дегунча томорқасида меҳнат қилади. Эрта баҳордан биринчи бўлиб етиштирган сабзавотларини бозорга чиқаради. Хонадонига борганимизда ҳам уни иш устида учратдик. 

Ҳовлидаги мўъжазгина иссиқхонада бодринг баравж ўсиб турибди. Ташқарида эса картошка, помидор, чиснок экилган. Ҳовлининг гирди атрофи гулларга бурканган. Кўрган кўзни қувонтиради. 

Омилкор деҳқонни суҳбатга чорлаймиз. 

– Томорқамизнинг экин майдони 10 сотих атрофида. Уч сотих иссиқхонамиз бор, – дейди Бахтиёр Ҳакимов. – Унга экилган редискани сотиб бўлиб, ўрнига бодринг экканмиз. Бу иккинчи экин. Бундан ташқари, қолган майдонга картошка, помидор, чиснок экканмиз. Ниҳолчилик билан ҳам шуғулланамиз. Йилига 6-7 мингта помидор ва бодринг кўчатларини тайёрлаймиз. Мижозлар уйимиздан олиб кетишади. У ҳам даромад. Хуллас, томорқамизда очиқ жой йўқ. Йил давомида уч марта ҳосил оламиз. 20 турдан зиёд экинлар экиб етиштирамиз. 

– Буларнинг барчасига қандай улгурасиз, бунинг сири нимада?

– Ҳеч қандай сири йўқ, ҳаммасига астойдил меҳнат қилиш керак, – дейди Б.Ҳакимов. – Фарзандларим ҳам қараб турмайди. Барчаси меҳнатга ўрганган, ёнимдан киришади. Ерга меҳр бериб керакли озуқаларни ўз вақтида берилса, у инсонни боқади, борини беради. 

– Сир бўлмаса, қанча даромад оласиз томорқадан? 

– Энди биз меҳнатини қилиб, етиштириб берамиз, сотишни холангиз боплайди, – дейди кулиб Б.Ҳакимов. – Ҳар ҳолда меҳнат қилган роҳатини ҳам кўради. Йилига 50-60 миллион сўм бўлиб қолса керак. Шу томорқачиликнинг орқасидан “Дамас” олдик. Ерга ишлов берувчи мотокультиватор олдик. Рўзғор обод, турмуш фаровон. Меҳнатнинг таги роҳат, дегани шу бўлса керак.

[gallery-17419]

Томорқачиликда ҳикмат кўп. Ушбу оилада барча бердик меҳнат қилади. “Ҳатто овқатланиш вақтида ҳам гурунггимиз деҳқончилик ҳақида бўлади” дейди омилкор деҳқоннинг турмуш ўртоғи Ҳамида Эргашева. 

– Томорқада экинларни келинлар, набиралар бирга-бирга парвариш қиламиз, – дейди Ҳамида Эргашева. – Деҳқончилик бизга ҳузур бағишлайди. Тонг саҳар ҳовлига қараб томоша қилиб, завқланаман. Дам оламан. Шунинг ортидан рўзғор тўкин-сочин. Ҳовлидаги гулларга мен масъулман. Қаерда бирорта гулни кўрсам, албатта, шуни ўстиришга ҳаракат қиламан. Чамандек бўлиб очилиб турган гуллар кайфиятни кўтаради-да. 

Боғишамол маҳалласида Бахтиёр Ҳакимов каби қўли гул деҳқонлар жуда кўп. Улар етиштираётган бодринг, помидор каби сабзавотлар атрофдаги бозорлар тўкинлигига ҳисса қўшмоқда. 

– Маҳалламизда 1000 дан зиёд хонадон, 5 минг нафардан зиёд аҳоли бўлса, ўша хонадонларнинг деярли барчаси томорқасини мана шундай гуллатиб қўйибди, – дейди Боғишамол маҳалласи раиси Ғуломқодир Бекмирзаев. – Ҳозиргача биринчи экинни аллақачон йиғиштириб олиб, иккинчи экинни тайёрлаяпти. Даромад кўриш арафасида турганлар бор. Редеска, эртачи картошка чиқариб сотиб бўлишди ҳам. Кейингилари бодринг, помидор, кўкат, чиснок, ҳар хил полиз экинлари экишади. Асосан маҳалламиз аҳолиси бодрингчилик билан шуғулланишади. Шаҳрисабз ва Китоб туманлари бозорларига асосий бодрингни мана қишлоғимиз халқи етказиб беради. Ўтган йили туман ҳокимлиги ташаббуси билан субцидия эвазига учта артезиан қудуғи қазиб бердик. Сув муаммосидан қутулдик. Шуни эвазига деҳқонларимиз йилига уч марта ҳосил олишмоқда. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳайҳотдек ҳовлисини бўш қўйиб, бир боғ кўк пиёзни бозордан ташиётган хонадонлар қаердаю бир қарич ерни ҳам бўш қўймай томорқасидан миллион-миллион даромад олаётганлар қаерда? Кейингиларининг фаолияти барчага ўрнакдир. Боғишамоллик деҳқонларнинг томорқачилик борасида амалга ошираётган ишларидан ўргансак арзийди. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғишамолликлар бошқаларга ўрнак бўлишмоқда