Мамлакатимизнинг етакчи расмий ахборот манбаси – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги дунёнинг нуфузли ОАВ билан ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратиб келади.
Бугунги кунда турли минтақаларнинг кўзга кўринган нашрлари билан йўлга қўйилган изчил ҳамкорлик самараси ўлароқ, яқинда Бирлашган Қиролликнинг “The London Post” янгиликлар порталида ЎзА мухбири Ўткир Алимовнинг “Сунъий интеллект: инсоният учун таҳдидми ёки имконият?” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди.
Муаллиф қайд этишича, “...ҳар қандай интеллектуал муаммоларни ҳал қилишга қодир сунъий идрок инсониятга кўмакчи бўлиши баробарида, муайян таҳдид солиши ҳам мумкин, деган хавотирли фаразларни вужудга келтирмоқда. Ҳатто, келажакда шундай ҳолат юзага келиши мумкинки, ўта ақлли машина ўзини бошқаришга уринган одамга қарши чиқа олади. Aгар вақтида цивилизацияни назорат қилмасак, ўзимиз учун жавоб бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолишимиз эҳтимоли мавжуд. Баъзан “супер мия” орқали “fake” (сохта) янгилик ёки нотўғри контент юзага келмоқдаки, натижада плагиат муаммоси ечимсиз қолмоқда. Айтиш мумкинки, “сунъий онг” фактни текширувчи эмас, балки йиғувчидир”.
Лондондаги ҳамкасбларимиз ҳам икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий алоқа ривожланишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлигини эътироф этмоқда.
Ушбу етакчи нашрнинг халқаро алоқалар бўйича махсус мухбири Раза Саиднинг ОАВ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи таҳлилига бағишланган мақоласини тез кунда uza.uz сайтида ўқишингиз мумкин.
Зеро, бугунги глобаллашув даврида тезкор ва ҳаққоний ахборот алмашинуви, умумий тажриба ва малака ошириш мамлакатлар ўртасида ҳамжиҳатликни, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун қулай имкониятдир.
ЎзА