Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Осиё хотин-қизлари форуми якунланди.
30 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан вакиллар иштирок этган нуфузли анжуманда аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларида нафақат тажриба алмашилди, балки бу йўналишларни юқори босқичга кўтариш бўйича салмоқли натижаларга эришилди.
Форум якунида Самарқанд декларацияси қабул қилингани бунинг яққол ифодасидир. Мазкур халқаро ҳужжатда хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва уларни амалда таъминлаш, гендер тенгликка эришиш, зўравонликка барҳам бериш, гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга қаратилган мақсадлар акс этган.
Декларацияда Осиё мамлакатларида XXI асрда ҳар ким тенглик, тараққиёт ва фаровонлик шароитида яшаб, хотин-қизлар ва эркаклар адолатли дунё барпо этиш йўлида биргаликда ҳаракат қиладиган жамият шаклланишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Форумда Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юксак сиёсий иродаси туфайли хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этди. Натижада ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётимизда муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб бормоқда.
Форумда сўзга чиққан йирик халқаро ташкилотлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлар ассамблеяси вакиллари ҳам Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Форум давомида айрим иштирокчилар билан суҳбатлашдик.
– Осиё форуми жуда катта тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак муболаға бўлмайди, – деди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова. – Айтиб ўтиш керакки, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида давлатимизда бўлаётган ислоҳотларнинг ҳаммаси БМТнинг БРМ мақсадларига мос келади. Мана шу ишлар ва Ўзбекистонда Гендер стратегияси қабул қилингани форумда алоҳида эътироф этилди. Тадбирда форумни ҳар икки йилда ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди. Эндиги форумгача бу борада яна ҳам катта ютуқларни намойиш этишга муваффақ бўламиз. Форумда қабул қилинган Самарқанд декларацияси барча давлатларга дастуриламал бўлади. Бу декларацияни бажаришга ҳамма ўз “йўл харита”ларини, дастурларини тузиб, бажаришга киришади. Самарқанд шаҳрида ўтказилган икки кунлик форумда амалга оширилган ислоҳотлар, айниқса, гендер тенглик масаласида қилинган ишлар юқори даражада эътироф этилди. Биздан кўп нарса ўрганишди. Бу эса, мана шу соҳада юқори ўринни эгаллаётганимизни кўрсатиб турибди.
– Беларусь вакилларининг Осиё хотин-қизлари форумида иштирок этиши катта шараф, – деди Беларусь Республикаси Миллий мажлиси аъзоси Мария Илина. – Гендер масаласи сиёсий ва бошқа ижтимоий масалалар каби жуда муҳим. Бундай форумларда биз тажриба алмашиб, ўз мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашамиз. Бу барча мамлакат, халқлар учун жуда фойдали. Дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланади, айниқса, мамлакатларимиз ўртасида тушуниш, ҳамжиҳатлик барқарорлашади. Шу ўринда Ўзбекистон ҳақида тўхталсам. Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Камоловна мен учун гендер тенглик билан шуғулланувчи аёл сиёсатчи сифатида намуна. Бугун Ўзбекистон айнан бу масалада алоҳида эътиборга муносиб. Чунки аёллар манфаатларини таъминлашга, уларнинг таълим олишига эътибор кучайди. Аёл сиёсатчилари сафи кенгайиб бормоқда. Биз бундан жуда мамнунмиз. Аёлларнинг мазкур форумдагидек бир жойга жам бўлиши – бу халқ дипломатияси ривожланишига хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZlkFqSBmDl4" title="Oʻzbekistondagi xotin-qizlarga oid davlat siyosati dunyo yetakchi shaxslari tomonidan eʼtirof etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Норгул Абдураимова, Алишер Исроилов (видео), Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА мухбирлари