15 май — Халқаро оила куни
Оила — энг муқаддас ва улуғ даргоҳ. Ҳар бир инсон шу даргоҳда туғилади, униб-ўсади, тарбия топади. Халқимиз азалдан оилани муқаддас даргоҳ сифатида эъзозлаган, қадрлаган, бу қўрғонга завол етмаслиги учун ҳаракат қилган. Зеро, оилани мустаҳкам сақлаш ва бошқариш, фарзандларни элу юртга муносиб қилиб етиштириш энг масъулиятли вазифадир.
Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 9 миллиондан ортиқ оила мавжуд. Йилига ўртача 250-300 минг янги оила барпо бўлмоқда. Юртимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни оилага тайёрлаш борасида миллий қадрият ва анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, 15 май ҳар йили жаҳон миқёсида Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Гендер тенглик ва хотин-қизлар масалалари билан ишлаш бўлими бошлиғи, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Пардахол Норқобилова билан оила муқаддаслиги, уни асраш, қолаверса, оилавий ажримларнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида суҳбатлашдик.
Суҳбатимиз давомида оиланинг инсон ҳаётидаги ўрни, оила мустаҳкамлиги учун ким кўпроқ масъул бўлиши кераклиги, қолаверса, оилавий келишмовчиликлар ва ажримларнинг олдини олиш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида яна нималар қилишимиз лозимлиги каби мавзулар ҳақида сўз боради.
Пардаҳол Норқобилова оиланинг мустаҳкамлиги ҳам эр, ҳам аёлга боғлиқ эканини, оила маънавий ва моддий жиҳатдан тўкис бўлиши учун ҳаракат қилиш лозимлигини, фарзандлар тарбияси оила муҳитига боғлиқлигини алоҳида таъкидлайди. Оиланинг маънавий етуклиги эса китобхонлик билан, фарзандларга болалигиданоқ китоб ўқиб бериш билан шакллантирилишини эътироф этади. Шунингдек, турмуш қуриш олдидан ёшларни оилага тайёрлаш лозим, дейди суҳбатдошимиз. Чунки қурилаётган оилалар мустаҳкамлигида, турли келишмовчилик ва ажримларнинг олдини олишда бу муҳим омилдир.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/J1_sY3jyXQo" title="Oila qoʻrgʻonining mustahkamligiga kim koʻproq masʼul?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Суҳбатнинг тўлиқ шакли билан YouTube ижтимоий тармоғидаги саҳифамизда батафсил танишишингиз мумкин.
Муҳтарама Комилова, Дониёр Якубов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА