Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга қабул жараёнлари июнь ойидан бошланади, имтиҳонлар эса июль ойида ўтказилади.
Хўш, Президент мактабларига кириш имтиҳонлари қайси фанлардан ва қай тарзда ўтказилади?
Мазкур савол юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров қуйидагиларни маълум қилди.
– Кириш имтиҳонлари икки босқичда ўтказилади, – дейди Жўрабек Жангиров. – Биринчи босқич — математика фанидан жами 30 та тест шаклида ўтказилади. Биринчи босқич натижасига кўра, қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 нафар ҳисобидан, ҳар бир мактабда жами 480 нафар максимал балл тўплаган ўқувчига иккинчи босқичда иштирок этишга рухсат этилади.
Иккинчи босқич кириш имтиҳонлари тест шаклида ўтказилади. Хусусан, математика фанидан танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш бўйича 40 та тест ҳамда инглиз тили фанидан грамматика ва матн билан ишлаш бўйича 40 та тест саволидан иборат.
Ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонлари йўналишлар бўйича бир босқичда қуйидаги фанлардан ўтказилади.
Аниқ фанлар йўналиши бўйича 5 - 7-синфлар учун математика фанидан 30 та тест, инглиз тили фанидан 15 та, жами 45 та тест, 8 - 11-синфлар учун математика фанидан 20 та тест, физика фанидан 10 та тест ва инглиз тили фанидан 15 та тест, жами 45 та тест шаклида ўтказилади.
Табиий фанлар бўйича 7-синфлар учун табиий (сcеинcе) фанидан 30 та тест ва инглиз тили фанидан 15 та, жами 45 та тест ҳамда 8 – 11 синфлар учун биология фанидан 10 та тест, кимё фанидан 20 та тест, инглиз тили фанидан 15 та, жами 45 та тест шаклида ўтказилади.
Агентлик тизимидаги таянч ихтисослаштирилган мактабларда кириш имтиҳонлари бир босқичда йўналишлар бўйича қуйидаги тартибда ўтказилади.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабида:
Ахборот технологиялари йўналиши бўйича 5-синфлар учун математика фанидан 30 та тест, шундан 10 таси мантиқий фикрлашга йўналтирилган, инглиз тили фанидан 15 та тест, жами 45 та топшириқ тест шаклида ўтказилади.
Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабида:
Биология ва кимё йўналиши бўйича 7-синфлар учун табиий (сcиенcе) фанидан 30 та тест ва инглиз тили фанидан 15 та тест, жами 45 та топшириқ тест шаклида ўтказилади.
Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабида:
Физика ва астрономия йўналиши бўйича 7-синфлар учун математика фанидан 30 та тест, инглиз тили фанидан 15 та тест, жами 45 та топшириқ тест шаклида ўтказилади.
Ижод мактабларининг кириш имтиҳонлари давлат тилида (Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилида), Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабида чет тилида 3 босқичда ўтказилади. Биринчи босқич — ижодий матн яратиш, иккинчи босқич — ижодий суҳбат, учинчи босқич — она-тили ва адабиёти фанидан 20 та тест, инглиз тили фанидан 15 та тест ҳамда интеллектуал қобилият даражаси бўйича 15 та тест, жами 50 та топшириқдан иборат тест синовлари шаклида ўтказилади.
Кириш имтиҳонлари натижалари Президент мактабларида биринчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида, иккинчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун ичида, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА