Жорий йилнинг 17-19 май кунлари пойтахтимиздаги "Универсал" спорт саройида стол тенниси бўйича "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи Марказий Осиё минтақаси саралаш турнири ўтказилади.
Мазкур турнирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Эрон, Туркманистон ва Қирғизистондан 18 нафар стол теннисчи Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун рақобатлашади. Баҳслар эркаклар ва аёллар ўртасида яккалик йўналишида ташкил этилиб, унда фақат олтин медални қўлга киритган спортчилар Олимпиада иштирокчисига айланади. "Париж-2024" Олимпиадаси йўлланмаси учун мамлакатимиз номидан Зоҳид Кенжаев, Шоҳрух Искандаров, Марҳабо Магдиева ва Розалина Хўжаева баҳсларга киради.
Маълумот ўрнида, 17-18 май куни гуруҳ ва чорак финал баҳслари ўтказилади. 19 май куни эса ярим финал ва финал беллашувлари ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА