Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш секторлари учун касбий таълим” лойиҳаси янги раҳбари Виктор Вецел билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар ўртасида олий ва профессионал таълимни ривожлантириш жараёнини молиявий қўллаб-қувватлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Дастлаб 2021–2024-йилларга мўлжалланган “Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш тармоқлари учун профессионал таълим” грант лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берилди. Лойиҳанинг асосий мақсади Марказий Осиёда профессионал таълим тизимининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда минтақадаги иқтисодий ўсиш тармоқлари учун малакали мутахассис ва раҳбарлар тайёрлаш экани қайд этилди.
Мулоқот жараёнида Ўзбекистонда олий ва профессионал таълимни меҳнат бозори талабларига янада мослаштириш ва муҳим кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган яшил иқтисодиёт йўналишида янги лойиҳани ишлаб чиқиш имконияти кўриб чиқилди.
Шунингдек, 2025 йил апрель ойида Тожикистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган профессионал таълим йўналишида 3-халқаро конференцияда вазирлик вакилларининг иштирок этиши масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Якунда яшил иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия, янги технологияларни жорий этиш ва бу борада мутахассислар тайёрлаш бўйича янги минтақавий грант лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишга келишилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА