Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туман бўлими иш юритувида бўлган иш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди буйруғига асосан қарздор К.А.дан бир нафар фарзанди таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент ундириш белгиланган.
Қарздор алимент пулларини тўлашдан қочиб юрганлиги сабабли унга нисбатан Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлими давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 12 март куни қидирув эълон қилинган. Унинг алимент тўловларидан қарздорлиги жорий йил 1 май ҳолатига кўра 101 миллион сўмни ташкил этган.
Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шуъбаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирувда қарздор К.А. Хоразм вилояти, Урганч туманида иккинчи оиласининг уйида истиқомат қилаётганлиги аниқланди. Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси қидирув шуъбаси ходимлари билан биргаликда амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирларида 4 йилдан ортиқ вақт мобайнида қидирувда бўлган қарздор К.А Хоразм вилояти, Урганч туманида жойлашган товуқ фермасида ишлаётган вақтида топилган.
Ҳозир қарздорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман судига юборилган ва ушбу суд томонидан жорий йил 6 май куни қарздор К.А.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири