Юртимизда меҳмон бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси доимий қўмитаси аъзоси, Давлат кенгаши Бош вазирининг ўринбосари Лю Гочжун бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамроҳлигида 14 май куни Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди.
Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга бағишланган учрашувда томонлар ўзларини қизиқтираётган йўналишлар бўйича фикр алмашди.
Вилоят ҳокими Ўзбекистон – Хитой алоқаларига қадимда аждодларимиз томонидан асос солинганлигини таъкидлаб, уни янада ривожлантириш ҳар иккала томон учун бирдек манфаатли эканлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, айни пайтда Самарқанд ва Хитой алоқалари янги босқичга кўтарилганига эътибор қаратиб, ҳамкорликнинг истиқболларини белгиловчи ўнта йўналишга тўхталди.
Жумладан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида Хитой тажрибаси мамлакатимиз, хусусан, Самарқанд учун бугун жуда муҳимлиги таъкидланди. Бу борада Шэньси провинциясида амалга оширилган ва кейинчалик бутун Хитойга татбиқ этилган сувни тежаш бўйича тажрибани Самарқандда амалиётга татбиқ этиш бўйича мутахассислар ҳамда технолгияларни жалб қилиш таклиф этилди. Бу тажриба Пайариқ тумани мисолида амалга оширилиб, кейинчалик бутун вилоятда жорий этилиши кўзда тутилган.
Учрашувда Хитой қишлоқ хўжалигида эришилган натижалардан келиб ғалла ва пахтачилик, сабзавот маҳсулотлари етиштириш, пиллачилик ва чарм-пойабзал саноати, томорқа хўжаликлари бўйича улар тажрибасини ўрганиш ва вилоят туманларида йўлга қўйиш таклиф этилди. Бунда уруғчиликдан бошлаб серҳосил, кам сув талаб қиладиган навларни экиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, уларни сақлаш ва қайта ишлашга бўлган жараёнларда замонавий технологиялардан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
[gallery-17403]
– Томорқачилик борасида Хитой тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга – деди Э.Турдимов. – Чунки, жамиятда камбағалликни бартараф этишда ушбу йўналиш жуда муҳим. Буни Хитой тажрибаси кўрсатмоқда. Хитой етакчиси Си Цзинпин жанобларининг томорқачилик бўйича китобида бу борада жуда муҳим маълумотлар қайд этилган. Вилоятимиз делегацияси Хитойга сафари давомида Қашқар тажрибасини ўрганиб келди.
Иссиқлик талаб этилмайдиган иссиқхоналарда миллионлаб доллар даромад қилинаётганлиги бизни ҳайратлантирди. Шу боис Хитойдан вилоятимизнинг 11 туманига ўн нафардан, жами 110 нафар тажрибали томорқачиларни ҳамда уларга раҳбарлик қиладиган 3 нафар тажрибали мутахассисни жалб қилиш орқали томорқачиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш лойиҳасини амалга ошириш мақсадимиз бор. Ипакчиликда Хитойда йилига саккиз марталаб ҳосил олиниши ҳақида эшитяпмиз. Шунингдек, канакунжутдан пилла етиштириш йўлга қўйилган. Бу ҳам биз учун янгилик ва уни жорий этишдан манфаатдормиз.
Учрашувда Самарқандда тери етиштириш борасида улкан салоҳият мавжудлиги боис хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда хомашёни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш таклифи илгари сурилди. Нуробод туманида ушбу йўналиш учун улкан имконият борлиги қайд этилди.
Самарқанд вилоятида 260 минг гектар майдондан қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Қишлоқ хўжалик техникаларига талаб катта. Бугунги кунда фойдаланилаётган техникалар Беларусь, Россия, Туркия, Германия давлатларидан келтирилган. Аммо бу техникаларнинг нархи баландлиги соҳа вакилларини қийнаётган масалалардан биридир. Шу боис Нарпай туманида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга Хитойнинг илғор компаниялари таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари Хитой ташрифи давомида хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда юқори технологик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида саноат паркини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Шу асосда Самарқанд ва Каттақўрғон туманларида инфратузилма борасида қулай бўлган 320 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишга ҳам илғор соҳа вакиллари жалб қилиниши таъкидланди.
Жаноб Лю Гочжун ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги таклифларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Жумладан, делегация таркибида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича масъуллар борлигини билдириб, улар ҳар бир йўналиш бўйича аниқ таклифларни ўрганиб чиқиши ва келгусида амалий жараёнларда бевосита қатнашишини қайд этди.
Ташриф давомида меҳмонлар вилоятдаги бир қатор корхоналар фаолияти билан танишди ҳамда Самарқанддаги диққатга сазовор жойларни томоша қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари