Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Юксак савия ва янги форматда ташкил этилган ушбу тақдирлаш маросимига таниқли журналистлар, фахрий-устозлар, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда медиа соҳа ходимлари, журналистика йўналишидаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар, халқаро ташкилотлар ва элчихоналар вакиллари, шунингдек, бир қатор хорижий давлатлардаги медиа уюшмаларининг мутасаддилари таклиф этилди.
Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Барча жараёнларни тезкор, холис, танқидий-таҳлилий руҳда ёритишга бўлган интилиш кучайди. Айни пайтда ахборот тарқатиш жараёнида катта масъулият билан касбий бурчни, журналистик касби этикасини теран англаган ҳолда ёндашиш тобора долзарблдик касб этмоқда.
Миллий медиа соҳасида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ўртасида ўтказиладиган турли танловлар кўплигига қарамасдан, ҳар бир ижодкор “Олтин қалам” соҳиби бўлишни орзу қилади. Чунки “Олтин қалам” танловининг нуфузи баланд, бу мукофот ижод майдонида юксак эътироф рамзига айланиб улгурди.
Тантанали тадбирда “Олтин қалам” Миллий мукофоти Ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ахборот соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, журналистларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига тўхталиб, бу йилги “Олтин қалам” танлови ҳақида маълумот берди.
“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда 600 га яқин маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари 4 мингдан зиёд ижодий ишлари билан иштирок этди. Бу ўз навбатида, жамиятда юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнида журналистларнинг фаоллигини кўрсатади.
Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган “Олтин қалам” Миллий мукофоти Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ташаббуси билан 2006 йилда таъсис этилган ва ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Ўтган йиллар давомида танлов такомиллашиб, унинг қамрови янада кенгайди.
[gallery-17409]
Бош миллий мукофот 2007 йил жорий этилди ва асосий номинациялар қаторига интернет-журналистика йўналиши киритилди. Ҳар бир йўналиш бўйича 1-, 2- ва 3-ўринлар белгиланди. 2021 йилдан бошлаб эса “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси асосий мукофотлар қаторига қўшилди. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда, таклиф ва тавсиялар асосида “Олтин қалам” танлови низомига ҳам ўзгартиришлар киритилди.
Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2023 йилдан бошлаб “Олтин қалам” танлови рағбатлантирувчи номинациялари 5 тадан 12 тага кўпайтирилди.
Унга кўра, бош миллий мукофот соҳибига енгил автомобиль берилиши белгиланди. Ўтган йили “Олтин қалам” XVII танловининг бош миллий мукофоти — Президент совғаси — “Gentra” автомобили Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетига топширилган эди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 1-ўрин соҳибига Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблашнинг 200 баравари, 2-ўрин соҳибига 175 баравари, 3-ўрин соҳибига 150 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.
Шунингдек, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бир ғолиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Журналистлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтишини таъминлаш мақсадида ҳар йили танлов Ҳакамлар ҳайъати таркибига йўналишлар бўйича устоз журналистлар, медиа соҳанинг таниқли вакиллари киритилаяпти.
Тақдим этилган ижодий ишлар эса мавзунинг ижтимоий аҳамияти, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати, ижодий фаолиятга янгича ёндашув каби мезонлар асосида холис баҳоланади.
Бу йилги танловга телевидение йўналишида мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат телеканалларида фаолият олиб бораётган 98 нафар журналист ўз материалларини тақдим этган бўлса, радио йўналишида 26 нафар, босма ОАВ йўналишида эса энг кўп — 178 нафар, интернет нашрлари йўналиши бўйича 75 нафар, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида ҳам ҳар йилгидан кўп — 40 дан ортиқ давлатдан 100 нафарга яқин журналист қатнашган. Бу йилги танловнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, одатда, ҳар йили жамоавий қатнашувчи таҳририятлар сони 5-10 та бўларди.
Жорий йилда олдинги йилларга нисбатан жамоавий иштирок этувчилар сони 3 баробар ошган, яъни 40 тага яқин таҳририят танловга ижодий ишларини тақдим этган.
“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” йўналиши 12 та номинациядан бири сифатида белгиланган. Ушбу номинация бўйича 22 нафар журналист 30 га яқин публицистик жанрдаги китоблари билан иштирок этган.
Танловнинг “Энг яхши фоторепортаж учун” номинацияси ғолиби эса 47 нафар фотожурналистнинг 1500 га яқин ижодий ишларини баҳолаш орқали аниқланган. Бу йўналишда иштирок этган ижодкорлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар ошгани фотожурналистнинг жамият ҳаётида фаоллигидан далолат беради.
Рағбатлантирувчи номинациянинг қолган 10 та йўналиши ғолиблари танловнинг телевидение, радио, босма нашрлар ва интернет нашрлари бўйича 550 нафарга яқин ОАВ вакиллари орасидан мукофотга лойиқ кўрилган.
“Олтин қалам” XVIII танловида халқаро ҳамкорлар томонидан таклиф этилган рағбатлантирувчи номинациялар эълон қилингани ҳам эътиборга молик. Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан жорий қилинган 2 та номинация, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан киритилган 1 та номинация бўйича ижодий ишлар қабул қилинди.
Халқаро ҳамкорларнинг рағбатлантирувчи номинациялари ғолиблари махсус диплом ва совғалар билан тақдирланади ҳамда Хитой Халқ Республикаси ва Туркия Республикасига бепул саёҳатга бориш йўлланмасига эга бўлади.
Танлов иштирокчилари кўплигини, тақдим этилган ижодий ишларнинг ранг-баранглигини ҳисобга олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси яна иккита қўшимча рағбатлантирувчи номинация жорий этди ва ғолиблар тақдирланди.
“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда Бош мукофотга Uzreport TV — Ўзбекистондаги нодавлат информацион телеканали муносиб топилди. Бош миллий мукофотга лойиқ кўрилган жамоага Президент совғаси — “Tracker”автомобили совға қилинди.
- Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар оммавий ахборот воситаларида ҳам ўз аксини топмоқда, - деди "Uzreport TV" телеканали бош муҳаррири Саидолимхон Турдибоев. - Меҳнатимиз катта саҳналарда юксак эътироф этилганидан жуда мамнунмиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз. Бу мукофот бутун жамоамизнинг ютуғи саналади.
Тантанали тадбирда ғолибларга “Олтин қалам” миллий мукофотининг статуэткаси, дипломи, пул мукофотлар тантанали топширилди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА