Корея Республикасида ўқиб, ишлаётган фуқаро ўша давлат корхонаси орқали ўзининг иш ҳақини Ўзбекистондаги банк ҳисоб рақамига кўчирганда ундан даромад солиғи олинадими?
Мазкур саволга Солиқ қўмитаси давлат солиқ бош инспектори Оллоёр Мамаражабов куйидагича жавоб берди.
– Солиқ кодексининг 368 ва 381-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикасининг резидентлари Ўзбекистон Республикасидаги ва унинг ташқарисидаги манбалардан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси резидентига хорижий давлатдан юборилган пул учун 12 фоизлик солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади.
Солиқ кодексининг 393-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари — декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар жумласига киради. Шуни таъкидлаш лозимки, Корея Республикасида ўқиб, ишлаётган фуқаронинг Солиқ резидентлик мақоми инобатга олиниши лозим.
Солиқ кодексининг 397-моддасига мувофиқ ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасининг ташқарисида турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикасига қайтган санадан эътиборан бир ойдан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги солиқ органига Ўзбекистон Республикасидаги ва унинг ташқарисидаги манбалардан олган даромадлари бўйича жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин.
Бунда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олинган даромадлар бўйича жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш мезонларига мувофиқ келмаган давр учун солиқ тўланмайди.
Яъни, фуқаро Корея Республикасига борган кундан бошлаб ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кундан ортиқ муддат Корея Республикасида бўлиб турган бўлса Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилмайди.
Солиқ кодексининг 368-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг резидентлари Ўзбекистон Республикасидаги ва унинг ташқарисидаги манбалардан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилари ҳисобланади. Бунда, хорижий юридик шахслардан Ўзбекистон Республикаси резидентларига юборилган пул маблағларига Солиқ кодексининг 381-моддасига асосан 12 фоизлик ставкада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА