Бугун, 13 май куни Тошкент шаҳрида Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши раиси ўринбосари Лю Гочжун ҳамраислигида ўтган мажлисда кўп қиррали шериклик муносабатлари жадал ривожланаётгани, бунда Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона, яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Йиғилишда товар айирбошлашни янада оширишга қаратилган қўшма “Ҳаракатлар режаси”ни қабул қилиш, Хитойга маҳсулотларни узоқ муддатли ва барқарор етказиб бериш учун қўшимча савдо имтиёзларини жорий этиш, саноат кооперациясини янада кенгайтириш, иқтисодиётни барча соҳаларда қўшма рақобатбардош лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.
Тадбир сўнггида, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ҳамда Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг еттинчи йиғилиши баённомаси имзоланди.
ЎзА