Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг навбатдаги шарҳида жорий йилнинг апрель ойида мамлакатнинг кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришларни таҳлил қилди.
Ўзбекистон уй-жой бозоридаги фаоллик апрель ойида ўсди. Апрель ойида битимлар сони 11,2 фоизга ошиб, савдолар 20 мингта битимни ташкил этди. Бироқ, апрель ойидаги натижа ўтган йилги даражадан паст бўлди: йилдан йилга сотувлар ҳажми 2 фоизга камайди.
Ҳудудлар бўйича кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг энг катта ўсиши Навоий ва Сирдарё вилоятларида 24 ва 22,3 фоизга, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 23,5 фоизга қайд этилди.
Пойтахтнинг уй-жой бозорида битимлар сони ой давомида 6,5 фоизга ошди. Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият эса бошқача. Апрель ойида пойтахтнинг ижара бозори яна пасайиш динамикасини кўрсатди. Харид қилиш фаоллиги 4,6 фоизга камайди ва 1 квадрат метр уй-жой нархи 8,3 долларни ташкил этди.
Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара ҳақи ҳали ҳам юқори. Бу ерда ҳар квадрат метр учун ўртача ижара ҳақи 10,4 долларни ташкил этади. Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида нисбатан арзон ижара уй-жойлари сақланиб қолмоқда, бу ҳудудларда ўртача ижара нархи ҳар квадрат метр учун 6,3 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан Тошкент шаҳрида ижара бозори 6,9 фоизга қисқарган. Нархларнинг энг кўп пасайган ҳудудлар Яшнобод 11,6 фоиз, Яккасарой 11,1 фоиз ва Шайхонтоҳур 10,5 фоиз бўлди.
Жорий йилнинг апрель ойида иккиламчи уй-жой нархи 0,7 фоизга бироз пасайди, йиллик кўрсаткичларда эса иккиламчи уй-жой нархи 11,6 фоизга ошди. Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши қайд этилган ҳудудлар Тошкент – 23,6 фоиз, Бухоро – 21,3 фоиз ва Хоразм-20,5 фоиз вилоятлари бўлди.
Ўз навбатида, пойтахтда иккиламчи уй-жой нархларининг ўсиши тезлашди. Март ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи атиги 0,2 фоизга ошган бўлса, апрель ойида мос равишда 1,1 фоизга ошган.
Нарх ўсишининг энг юқори суръатлари Бектемир – 3,8 фоиз, Яккасарой – 3,6 фоиз ва Чилонзор – 3,1 фоиз туманларида қайд этилди. Умуман олганда, йил давомида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи қарийб 13 фоизга ошди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА