Ўзбекистон Республикасининг чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсати туфайли сўнгги йилларда хорижий давлатлар билан дўстона муносабатни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда.
Мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида юртимизга нисбатан қизиқишни кучайтириб, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузининг ошишига хизмат қилмоқда. Изчил ислоҳотлар, ўз навбатида, медиа тузилмалари олдига жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, мунтазам ахборот алмашишни йўлга қўйиш, дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида аҳолини холис, ҳаққоний ахборот билан тезкор таъминлаш имкониятини яратмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг Жанубий Америка давлатлари билан турли соҳалардаги ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Минтақада Аргентинанинг ўрни алоҳида эканлиги боис, ушбу давлат билан мунтазам ахборот алмашиш муҳим аҳамият касб этади.
Шундан келиб чиқиб, ЎзА Аргентина Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Лотин Америка ахборот агентлиги (Latin America News Agency) билан Англашув меморандумини имзолади.
Мазкур ташаббусни Жанубий Америка минтақаси билан ахборот соҳасида шериклик ўрнатиш йўлидаги дастлабки қадам, дейиш мумкин. Ҳозиргача минтақанинг бирор давлати билан айни йўналишда ҳужжат имзоланмаган.
Маълумот ўрнида: LANA (Latin America News Agency) бутун дунёга хабар узатувчи нуфузли ахборот агентлигидир. Қароргоҳи Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида жойлашган муассаса Европа, Африка ва Осиё бўйлаб 20 га яқин ҳамкор билан келишув имзолаган. Асосан инглиз ва испан тилларида маълумот тарқатувчи ушбу нашрнинг хорижий мухбирлари тармоғи минтақада энг йирик ҳисобланади.
Ушбу муҳим ҳужжатни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов ва Лотин Америка ахборот агентлиги раҳбари Хуан Мануэль Фонруж онлайн тарзда имзоладилар.
Видеомулоқот тарзида кечган учрашувда A.Kўчимов жаҳон миқёсида ОАВ билан алоқаларни мустаҳкамлаш агентлик учун стратегик вазифа ҳисобланишини қайд этди.
– Айни пайт биз дунёнинг кўпгина йирик ахборот агентликлари билан фаол ахборот алмашяпмиз, – деди ЎзА раҳбари. – LANA билан шериклик эса ўқувчиларимизни нафақат Аргентина, балки бутун минтақа билан боғлиқ воқеа-ҳодисалардан тезкор хабардор қилиш имконини яратади. LANA ЎзАнинг Жанубий Америкадаги биринчи ахборот ҳамкори.
Эътиборли жиҳати, мазкур меморандум икки давлат ўртасида кенг қамровли ва самарали ҳамкорлик қилиш орқали мамлакатларимиз ҳаётига оид, минтақавий ва глобал мавзуларни ёритиб бориш, турли маданиятлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, ЎзА ва LANA минбари воситасида холис, ишончли ахборот майдони яратишга қаратилган.
– ЎзА билан ҳамкорлик имкониятидан мамнунмиз, – деди LANA Бош директори Хуан Мануэль Фонруж. – Таъкидлашим жоиз, бу биз учун Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорлик йўлидаги дастлабки қадам. ЎзАнинг испан тилида чиқадиган мақолаларини кузатиб бораман. Материаллар орқали агентлик Ўзбекистон янгиликларини ишончли манба сифатида испан жамоатчилигига тарқатмоқда. Испан тилида сўзлашувчи мамлакат сифатида бу ахборотлардан кенг фойдаланамиз ва бўлишамиз.
Меморандумга мувофиқ, энди икки агентлик мунтазам ҳамкорлик қилади, мақола, фото ва видео лавҳалардан ўзаро фойдаланиш имконига эга бўлади.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА