Жорий йил 3 майда “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида республикамиз бўйлаб барча вилоятларда ишларни янгича йўлга қўйиш, бунда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, Тошкент вилоятида бу борадаги ишларнинг бориши ва олдинда турган вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этиб, йиғилишда пиллачиликда Вьетнам тажрибасини оммалаштириш борасида фикр алмашди.
Хусусан, Вьетнам тажрибасига ижодий ёндашиб, янгича иш ташкил қилиш, яъни “Марказлашган пиллахона” услубини жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, Пискент, Бўка, Чиноз туманларида ишлар бошлаб юборилгани қайд этилди. Бунда бир пайтнинг ўзида 400 қутигача пилла боқса бўладиган марказлашган пиллахоналар Ўзбекистонда илк бор ташкил этилмоқда.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг март ойида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Ботир Алимбеков, Зуҳра Мирғозиева бошчилигидаги делегация Вьетнамда бўлиб, пилла етиштириш бўйича тажрибани ўрганиб қайтган эди.
Пиллачилик сердаромад соҳа ҳисобланади. Марказлашган пиллахоналарнинг ташкил қилиниши йилига беш мартагача ипак қурти боқиш имкониятини беради ва тегишли ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятига сезиларли улуш қўшади. Айни пайтда бу хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам ижобий самара бериши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, бугун вилоятда 31 минг 746 қути пилла тарқатилган ва соҳада қарийб 90 минг нафар аҳоли, асосан хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА