ЎзА “Тенгдошим” лойиҳаси орқали билими ва иқтидори билан ривожланган хорижий юртларда муваффақиятга эришаётган ўзбек ёшлари ҳақида ҳикоя қилиишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз 50 дан зиёд халқаро танлов ва фестиваллар ғолиби, “Shine” қизлар академияси раҳбари, “Şahide” бренди ва “Shiny travels” тур компанияси асосчиси – Шоҳида Юсупова.
Хоразмнинг Янгибозор туманида туғилган Шоҳида 24 ёшда. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори. Халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ёш элчиси, Гарвард университетида “Раҳбарлик ва бошқарув” йўналиши бўйича таҳсил олган, Берлин Бизнес институтида “Маркетинг ва коммуникация” йўналиши махсус курсини битирган. 4 тилда эркин сўзлаша олади. Айни пайт Италиянинг Сиена университети “Халқаро дипломатия” йўналиши магистранти.
Болалигим ижтимоий фаолликда, билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш билан жуда унутилмас, бетакрор ўтган, десам муболаға эмас. Ота-онам 5 ёшимда ёзиш ва ўқишни ўргатган. Эсласам, отам айтган эртаклар, чанг кўчалар, яшил боғлар кўз олдимда гавдаланади. Биласизми, падари бузрукворим менинг таълим олишим билан алоҳида шуғулланган. Боғчага борган кезларим уйга вазифа қилиб берилган шеърларни ўзи ёдлатарди. Онам эса ёзишни ўргатган. Мактабда ҳамиша аълочилар сафида бўлишга интилганман.
Бошланғич синфда ўқиб юрган пайтим отам ҳар ҳафта болалар учун мўлжалланган китоблар олиб келарди. Ўқиган асарларим туфайли адабиётга меҳр уйғонди ва 11 ёшимдан шеър ёзишни машқ қила бошладим. Бунга бефарқ бўлмаган бошланғич синф ўқитувчим Сайёра опа Жуманиёзова мактабимиздаги адабиёт фани муаллимга шеърларимни кўрсатиб, менга йўналиш берган. Шундан сўнг она тили ва адабиёт фани устозим Муборак опа Юсупова мени Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Ёғду” шеърият клубига олиб борди.
14 ёшимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси ҳузуридаги Болалар парламенти депутати бўлганман, Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган турли лойиҳа ва анжуманларда иштирок этганман.
2015 йил туманимиздаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабини тамомлаб, Янгибозор Педагогика ва спорт коллежида ўқишни давом эттирдим. Барча абитуриентлар каби мен ҳам уйқусиз тунларни, машаққатли кунларни бошдан кечирганман. Она тили, тарих, инглиз тилидан астойдил тайёрланганман.
Шуни айтиб ўтишим керак, 5 йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига ҳужжат топширганман. Ҳар йили баҳорни интиқиб кутардим. Ва ниҳоят 2018 йил баҳори менга болалигимда телевизорда кўриб, ҳавас қилган онларни ҳадя этди. “Адабиёт” йўналиши бўйича ушбу мукофот совриндори бўлдим. Ғолиблик менга улкан масъулият ҳиссини ҳам юклади.
Ўша йил Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети “Халқаро журналистика” йўналишига имтиёзли равишда қабул қилиндим. Талабалик йиллари шахс ва ижодкор сифатида шаклланиш, ўз йўналишимни топишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилди.
Юзлаб ўзбек ёшларининг китобларини хорижда нашр эттирдик
2019 йилдан адабий таржима билан жиддий шуғуллана бошладим. Бугунги кунга қадар юздан зиёд истеъдодли ўзбек ёшларининг ижодий ишларини жамлаб, Америка, Туркия, Хитой, Озарбайжон, Миср, Ҳиндистон каби мамлакатларда халқаро антологиялар чоп эттирдик, китоблар тақдимотини ўтказдик. Жумладан, Америкада “Talented voices of Uzbekistan”, “Leader girls lead the world”, “Rising flowers of Uzbekistan”, Туркияда “Özbekistan’ın yetenekli sesleri”, “Türkçenin dünyadaki Özbek sesi”, “Özbeklerin yürek sözleri”, Хитойда “Ўзбекистон шарқ гавҳари”, Озарбайжонда “Özbekistanin istedadlı qızlari” китобларини нашрдан чиқардик.
Ўзбекистон адабиёти, санъати ва маданиятини бутун дунёга тараннум этиш, танитиш энг катта мақсадларимдан бири.
Хорижга ҳар бир сафаримдан янги куч, мотивация олиб қайтаман
Юқорида айтиб ўтганимдек, қатъий ирода ва интилиш сабаб кўпгина ютуқларга эришяпман. 2018 йил Ҳиндистоннинг “Kafla International” ташкилоти томонидан ўтказилган 12-Халқаро ёзувчилар фестивалида махсус совринга эга бўлдим. 2021 йил Туркиянинг “Türk yayinevi” нашриёти каминани “Beyaz diplomasi” мукофоти билан тақдирлади. Худди шу йили Мисрда ўтказилган Халқаро адабиёт фестивалида “Taghreed Fayyad” мукофотини олиш насиб қилди.
2022 йил “Galleon Publishing” нашриёти ҳамда “Global TV India” ҳамкорлигида чоп этилган, сайёрамиздаги энг муваффаққиятли ёш лидерлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган “Дунёнинг 30 порлаётган юлдузи” китоби қаҳрамонлари сафига танлаб олиндим ва Гран прини қўлга киритдим.
18 ёшимдан бери молиявий мустақилман. Турли соҳаларда ишлаш, тажриба орттириш, янги билим олиш мен учун оддий ҳаёт тарзига айланган. Тил ўрганиш, янги соҳаларни ўзлаштириш дунё кўриш, эзгу мақсадларга эришиш имконини бермоқда.
2022 йил Ўзбекистонда “Shine” қизлар академиясига асос солиб, онлайн таълим платформасини яратдик. Академиямизда шахс сифатида ривожланиш, хорижий тилларни ўрганиш ва халқаро майдонга чиқиш бўйича дарс, маслаҳат берилади. Бугунги кунда ушбу маскан орқали юзлаб қизлар тил ўрганиб, халқаро майдонга чиқишди, ўз каръерасини қура бошлади.
Шундан кейин “Şahide” бренди ва “Shiny travels” тур компаниясига асос солдим. Мақтанишга йўйманг-у, 21 ёшимда отамга янги автомобил совға қилдим, 23 ёшимда шаҳар марказидан орзуимдагидек уй сотиб олдим. Шу кунгача дунёнинг 18 мамлакатида бўлдим. Ҳар бир саёҳатимдан ўзимга қўшимча куч, рағбат олиб қайтаман.
Ўзбекистонда хотин-қизларга имконият катта
Жонажон ўлкамизда хотин-қизлар учун мислсиз шароитлар яратилган. Энг муҳими, ана шу қулайликлардан тўғри фойдалана олиш, имконият берилганда, тўғри қарор қабул қилиш.
Агар қобилиятимизни тўғри йўналтириб, ўз устимизда муттасил ишласак, истеъдодимизни намоён қилсак, эришиб бўлмайдиган марра йўқ. Асосийси, меҳнат ва машаққатдан қочмаслик.
Онам шифокор бўлишимни хоҳларди...
Отам – фермер, онам – уй бекаси, укам тадбиркорлик билан шуғулланади. Тўғриси, оилада тўнғич фарзанд бўлганим учунми, доим зиммамдаги юқори масъулият ҳисси сезилиб туради.
Ота-онам бизга унутилмас болалик онларини ҳадя этган. Саёҳатга олиб чиқишарди, оилавий байрамлар уюштирардик, ҳар қандай – кичик-кичик муваффаққиятимизни ҳам доим бирга баҳам кўрардик.
Онам шифокор бўлишимни хоҳлаган. Ўзи ҳам ёшлигида тиббиёт соҳасига жуда қизиққан экан-у, лекин олий маълумот олиш насиб қилмаган. Тиббиёт университетига ҳужжат топширишимни кўп бор сўради, аммо сўзимда қатъий туриб олдим.
Тил билган эл билади
Хорижда ўқимоқчи бўлган ўзбек ёшларига қатъият, сабр тилайман, масъулиятни ҳис қилиш, энг муҳими, ҳаракатдан тўхтамасликни маслаҳат бераман. Ўқишдан ташқари кучли “networking”ни ривожлантириш, турли соҳалар бўйича салоҳиятли, тажрибали дўстлар орттириш, янги йўналишларда ўзини синаб кўриш, таваккал қилишдан қўрқмаслик керак.
Табиийки, чет элга борган киши қийинчиликка учрайди: ўзга мамлакат, бошқача маданият, турли миллат вакиллари... Мослашиш жараёни осон кечмайди. Ҳаракат, интилиш эса ҳеч қачон изсиз кетмайди.
Яна, тенгдошларимга хорижий тилларни мукаммал ўрганиш, турли соҳалар бўйича билим олишдан чекинмасликни ҳам маслаҳат берган бўлардим. Зеро, “Тил билган эл билади” нақли бежиз пайдо бўлмаган.
Ҳаётдаги миссиям
Ўйлаб қарасам, хоҳлаганимдек натижа бермаган қарорларим, қайсидир маънода, тажриба, дарс бўлган.
Замон тез ривожланяпти, янги касб, йўналишлар пайдо бўляпти. Ўз бизнеси, шахсий брендига эга инсон янги соҳаларни ўзлаштириб бормаса, ўса олмайди. Шунинг учун касб ва фаолият ўзгаришини оддий қабул қиламан, вазиятга мослашавераман.
Ҳар бир инсон, маълум маънода, ўз миссияси билан дунёга келади. Менинг миссиям – одамларга илм улашиш, аёл-қизларга ривожланиши, жамиятда ўз ўрнини топиши, иқтидор ва қобилиятини намоён қилишида кўмаклашиш, деб ўйлайман.
Ота-онам, яқинларимга ёрдам бериб, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан завқ олиб, бахтни, шукроналикни, гўзалликни ҳис қилиб яшаш – энг олий мақсадим.
Ўткир АЛИМОВ тайёрлади.
ЎзА