Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг “2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг бажарилиши ҳолати юзасидан амалга ошираётган ишлари тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Ахборотда келтирилганидек, жорий йилги давлат бюджетидан экология соҳасига 883 163,0 млн. сўм маблағ ажратилган.
Ҳисобот даврида соҳага оид тадбирларга 90675,8 млн. сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Жумладан, глобал ривожланиш ва иқлим ўзгаришлари шароитида муҳим тадбир ҳисобланган чўл, тоғли ва тоғолди ҳудудларда чўлланиш ва қум кўчиши, тупроқнинг сув ва шамол эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш учун 12 974,7 млн. сўм ажратилган.
Лекин ўтган даврда ушбу тадбирлар учун 223 миллион сўм йўналтирилган, холос. Мазкур маблағлар Андижон вилоятида 2024 йилда барпо этилиши режалаштирилган 140 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга ҳамда дарахт ва бута кўчатлари етиштириш, экиш ва суғориш тизимларини ўрнатишга йўналтирилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва чиқиндиларни утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрларини юритиш харажатлари учун 1471,0 млн. сўм режалаштирилган. Ҳисобот даврида Фанлар академиясининг Ботаника институти билан 220,7 млн. сўмга шартнома тузилган.
Ботаника институти томонидан водий вилоятларининг истиқболли хом-ашёбоп ўсимликларнинг давлат рўйхати ва кадастрини яратиш ҳамда ушбу вилоятларда жойлашган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг флора тур таркибини инвентаризация қилиш, Зоология институти билан Бухоро ва Жиззах вилоятлари ҳудудидаги иқтисодий аҳамиятга эга ҳайвонлар турларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастрини шакллантириш бўйича тадбирлар амалга оширилган.
Эшитувда давлат бюджети харажатлари учун ажратилган айрим маблағларнинг етарли даражада ўзлаштирилмай қолгани депутатларнинг муҳокамаларига сабаб бўлди.
Қайд этилганидек, соҳага йўналтирилаётган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши табиатни муҳофаза қилиш, экологияни асрашга хизмат қилади. Тадбирда бюджет ижроси самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА