Давлат хизматларидан фойдаланиш яна ҳам осонлашмоқда. Аҳоли гавжум жойларга инфокиоскалар ҳам ўрнатилмоқдаки, у орқали айрим давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш мумкин.
Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур киоскалар орқали ҳозирда 37 хизмат кўрсатилмоқда. Йил якунига қадар туман марказидан узоқда жойлашган маҳаллалар ва аҳоли гавжум бўлган жойларга 1,5 мингга яқин интерактив киоскалар жойлаштирилади. Улар орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 70 тага етказилади.
Интерактив киоскалардан қандай фойдаланилади?
Бунинг учун, аввало, экранга паспорт маълумотларингизни киритасиз. Кейин юзни сканер қилиш (face.id) функцияси орқали шахсингизни тасдиқлаб, идентификациядан ўтасиз.
Керакли давлат хизмат турини танлайсиз. (Агарда пуллик хизмат турини танлаган бўлсангиз, хизмат ҳақини QK орқали тўлаш мумкин).
Қарабсизки, сиз давлат хизмати марказига бормасдан, навбат кутмасдан давлат хизматидан фойдаланасиз.
Айтиб ўтиш керакки, инфокиосклар орқали маълумотномалар олиш, ҳисобга қўйиш, ижтимоий ҳимоя, лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш, пенсия миқдори ҳақида маълумотнома бериш, иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш ва ҳоказо хизматлардан фойдаланиш мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА