Сирдарё вилоятининг Оқолтин ва Сардоба туманлари сув таъминоти оғир ҳудудлари сирасига киради. Сабаби сувчилар тили билан айтганда “охирги қулоқ” бўлгани учун баъзи жойларга об-ҳаёт етиб бориши қийин. Айнан шу ерларда Сингапурнинг “Индорама” компаниясининг ҳам экин майдонлари бор.
Ўтган йили Сирдарё туманидаги “Peng Sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан пахтадан гектаридан 70 центнер ҳосил олингани ва айнан сув таъминоти оғир ҳудудларда шундай натижага эришилгани сингапурлик хорижий инвесторда катта қизиқиш уйғотади. Хитойликлар билан шартнома имзоланиб, ушбу технология Сардоба туманида 630 гектарга ва Оқолтинда 530 гектарга жорий қилинди.
- Сардобанинг “Темур Малик” ҳудудида 630 гектарга хитой технологияси асосида чигит экдик, - дейди “Индорама” компанияси агрономи Наванитан Арначалам. – Экканимизга 10 кун бўлди. Ҳозирда ғўза тўлиқ униб чиқди. Сув билан дори аралаштириб суғоряпмиз. Минерал ўғитлар ўсимликнинг томирига берилгани учун, пахта яхши ривожланади. 50-60 фоиз сув тежашга эришдик. Суғоришда вақт тежалди, агротехникада ишчи кучи камайди. Ғўзага ишлов беришда техниканинг кириши шартмас.
Ушбу хитой технологияси бир вақтнинг ўзида чигитни бехато экади, томчилатиб суғориш учун елим қувурларни жойлаштириб кетади, қудратли насослар бир вақтнинг ўзида 150 гектар ерни суғоришга қурби етади. Ана шундай насослардан 6 таси ҳозирда ўрнатиб бўлинди. Ўз навбатида уларга электр-энергия таъминоти учун сим кабеллар ва бетон устунлар далагача олиб келинди.
Бугунги кунда сингапурлик инвестор томонидан Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида 25 минг гектардан жами 50 минг гектар экин майдонларида деҳқончилик қилиб келинмоқда. Шундан 2400 гектар пахта далаларида ушбу хитой технологияси қўлланилди. Мўлжал - бу йилги пахтадан гектаридан камида 50 центнердан ҳосил кўтариш. Сув танқислиги тобора кучаётган бугунги даврда мамлакатимизда бу неъматни қадрлаш, ундан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Умуман келгуси 7 йилда мамлакатимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи, юртимиз тараққиёти ва халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашга асос бўлиб хизмат қиладиган муҳим, дастуриламал ҳужжат – “Ўзбекистон-2030” стратегиясидаги беш устувор йўналишнинг учинчиси “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳит муҳофазаси” масаласи белгиланган. Сўнгги йилларда мамлакатда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар 1,3 млн. гектарга етказилди. Шундан томчилатиб суғориш 478 минг гектар, ёмғирлатиб суғориш 55 минг гектар, дискрет усулда суғориш 29 минг гектарни ташкил этади. 700 минг гектардан ортиқ майдон лазерли текисловчи ускуна ёрдамида ишлов берилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Y_wwUIkNK-E?si=7V783DA8y-6qzbwd" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича олдинги йилларда бошланган хайрли ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Бу йил 500 минг гектар майдонда сув тежамкор технологияларни жорий этиш, 2030 йилгача ушбу технологияларни 4,3 млн. гектарда қўллаш кўзда тутилган.
Санжар Тошпўлатов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА