Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлашда Бизнес-омбудсманнинг ўрни беқиёс.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга Самарқанд вилоятининг Ургут туманида фаолият юритувчи “Олим” (номи ўзгартирилган) фермер хўжалиги раҳбари мурожаат қилди.
Аниқланишича, Ургут туман ҳокимининг 2015 йилдаги қарорига кўра, “Олим” фермер хўжалигининг ер майдони 21,40 гектар этиб белгиланган. Лекин шунга қарамай, 2023 йилга қадар фермер хўжалигига 69,70 гектар ер майдони учун ер солиғи ҳисоблаб келинган. Тадбиркор ушбу муаммони ҳал қилиш учун узоқ вақтдан буён идорама-идора сарсон юрган.
Мурожаатни ўрганиш якунларига кўра вакил девони ходимларининг аралашуви билан фермер хўжалигига 2021-2023 йиллар учун ҳисобланган ер солиғи қайта ҳисоб-китоб қилиниши ҳамда солиқ бошқармаси маълумотлар базасида ер солиғи бўйича асосий қарз ва пенялар камайтирилиб, тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА