Давлат идораларида ходимларнинг қонуний манфаатларига риоя этилиши ўрганиб борилмоқда. Хўш, уларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланмоқда?
Бу саволга Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова жавоб берди:
– Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий филиаллари томонидан 2024 йил биринчи чорагида давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши билан боғлиқ ўрганишлар ўтказилди.
Аниқланган ҳолатлар бўйича қатор таъсир чоралари қўлланилди. Таҳлилларга кўра, ўрганишлар давомида ишга қабул қилишда танлов ўтказиш тартибига амал қилмаслик, давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлашда уларнинг ҳуқуқлари бузилгани ҳолатларига йўл қўйилгани маълум бўлди.
Давлат фуқаролик хизматчисига меҳнат таътилларини беришда, интизомий жазо чорасини қўллашда қонунчилик талабларига амал қилмаслик ҳолатлари учради.
Ишдан бўшатиш тартибига риоя қилмаслик, жамоа шартномаси қабул қилинмагани, давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва Одоб-ахлоқ комиссияси тасдиқланмагани каби камчиликлар учради.
Инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни “hrm.argos.uz” электрон платформаси орқали шакллантирмаслик каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳам аниқланди.
Ўрганишлар бўйича киритилган таъсир чоралари натижасида 4 нафар давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнатига ҳақ тўлашда уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 14 та ноқонуний буйруқ бекор қилинди. 5 ҳолатда танлов комиссиясининг хулосаси бекор қилиниб, танлов қайта ўтказилди.
Фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 13 нафар айбдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. 16 нафар айбдор шахсга нисбатан 16 миллион 900 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА