Куни кеча “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбарияти ва Туркиянинг “DAIICHI Electronic” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Дорук Кара бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар ҳамкорликда юртимизда автомобиллар учун магнитофон ва бошқа мультимедиа бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, учрашувда юртимиз электротехника саноати ва “DAIICHI Electronic” компанияси фаолияти ҳақида тақдимотлар ўтказилди.
Таъкидланганидек, бош офиси Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган “DAIICHI Electronic” компанияси дунё автомобилсозлик саноатига электроника тизимлари етказиб берувчи етакчи компания ҳисобланади.
Тадбирда мамлакатимизда ривожланиб бораётган автомобилсозлик саноати учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш истиқболли лойиҳалардан бири экани таъкидланди.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар республикамизда “DAIICHI” бренди остида автомобиллар учун аудио-радио қурилмаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўрганишларни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА