Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Россия Фанлар академиясининг маданий ва табиий меросни ўрганиш ҳамда муҳофаза қилиш илмий кенгаши аъзоси, ЮНЕСКОнинг халқаро этноспорт ўйинлари ва миллий йўналиш бўйича эксперти Алексей Кюласовни қабул қилди.
Ўзаро мулоқот чоғида миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш, хусусан, “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали номоддий мероси, “Узундара” ёдгорлигидаги топилмаларни ўрганиш, шунингдек, этноспорт ўйинларини ривожлантириш, келгуси авлодларга безавол етказиш, кенг жамоатчиликни янада чуқур таништириш масалалари муҳокама этилди.
Меҳмон вилоятга сафари доирасида тарихий обидалар ва археологик ёдгорликлар билан яқиндан танишиб, бой таассуротларга эга бўлганини алоҳида эътироф этди.
Учрашув якунида Термиз давлат университети билан илмий изланишлар олиб бориш юзасидан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири