Жорий йилнинг 2-3 май кунлари пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида III Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилди.
Мазкур форумда 93 та давлатдан икки ярим мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этди.
Унда томонлар ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, қатор келишувларга эришди. Хусусан, мазкур форум Ўзбекистоннинг “BI-SAY” МЧЖ ва Хитойнинг “Shanghai SUS Environment Co., Ltd.” компанияси учун келгуси режаларни аниқлаштиришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
“BI-SAY” МЧЖ директори Шаҳобиддин Боқижоновнинг сўзига кўра, томонлар ўртасидаги илк мулоқот 2023 йилда Шанхайда ўтказилган бизнес форумда бўлиб ўтган ва унда “Чиқиндиларни ёқиш эвазига электр энергиясини ишлаб чиқариш” лойиҳаси бўйича илк келишувга эришилган.
– Яқинда ўтказилган III Тошкент халқаро инвестиция форумида эса мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди. Лойиҳа қиймати 160 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа асосида чиқиндиларни ёқиш натижасида бир кунда 20 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, уни амалга ошириш атроф-муҳитга ташланадиган зарарли моддаларнинг олдини олишда қўл келади. Биз ушбу лойиҳани ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида татбиқ этмоқчимиз. Лойиҳа ишга туширилгач, 230 та иш ўрни яратилади ва бир кунда 1000 тонна чиқиндини ёқиб, ишлаб чиқарилган 20 мегаватт электр энергияси билан деярли 97 минг хонадоннинг кунлик истеъмоли таъминланади. Бу эса ўртача ҳисобда 140 маҳалла деганидир, – деди Ш.Боқижонов.
“Shanghai SUS Environment Co., Ltd.” бутун саноат занжирини қамраб олувчи кенг қамровли экологик хизматларни етказиб берувчи глобал етакчи компания ҳисобланади. Унинг фаолияти инвестициялар, чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари, улардан фойдаланиш ва технологик такомиллаштириш, экосаноат паркларини қуриш билан боғлиқ. Аҳамиятлиси, ушбу компания 2023 йилда бутун дунё бўйлаб 78 та WtE лойиҳасига сармоя киритган.
–2023 йилда Хитойнинг Шанхай шаҳрида бизнес форум бўлган эди, – деди “Shanghai SUS Environment Co., Ltd.” компаниясининг Ўзбекистондаги лойиҳа вакили Девид Чжоу. – Форум доирасида 160 миллион доллар қийматдаги “Чиқиндиларни ёқиш эвазига электр энергиясини ишлаб чиқариш” лойиҳасини татбиқ этишга келишганмиз. Юртингизда ташкил этилган мазкур форум доирасида эса биз айнан шу лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома қилишга эришдик. Лойиҳага асосан Қашқадарё вилоятига тўғридан тўғри инвестиция киритилади. Унга кўра, бир кунда минг тонна чиқиндини ёқиш эвазига 20 мегаватт электр энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ишларни амалга оширмоқдамиз. Айни пайтда лойиҳани амалга ошириш арафасида турибмиз.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/NnIMzOYAvyI" title="Qashqadaryoda qiymati 160 million dollarga teng loyiha amalga oshiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Маълумот ўрнида, ушбу иштирокчиларнинг тўлиқ интервьюсини ЎзАнинг “Youtube” каналида кўришингиз мумкин.
Насиба Зиёдуллаева,
Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА