Халқаро теннис федерацияси томонидан терма жамоалар ўртасидаги норасмий жаҳон чемпионати – “Дэвис кубоги”нинг эълон қилинган II гуруҳ тақвимига кўра, мамлакатимиз ракетка усталари Эстония терма жамоаси билан рўбарў келадиган бўлди.
Мазкур учрашув жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтиши белгиланди.
Қуръа натижасига кўра, Эстония теннисчиларига қарши ўйинлар Тошкент шаҳрида ўтказилади. Ҳозирча ўйинларнинг расмий санаси ва пойтахтимиздаги айнан қайси аренада ўтказилиши расман тасдиқланмаган.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон терма жамоаси “Дэвис кубоги”даги сўнгги ўйинини жорий йилнинг февраль ойида I жаҳон гуруҳига саралаш доирасида Польшага қарши ўтказиб, 0:4 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Эстония эса ўзининг охирги ўйинида Эронни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, II жаҳон гуруҳига йўл олганди.
Ўзбекистон-Эстония теннис жамоалари бугунгача расмий мусобақада тўқнаш келмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси айни пайтда “Дэвис кубоги” рейтингида 42-ўрин, Эстония эса 57-ўриндан жой олиб турибди.
Т.Рўзиев, ЎзА